10:39 / 27.01.2020
4 574

Чироқчида одам ўлдиришда гумон қилинаётган ИИБ ходимлари қамоққа олинди

Чироқчида одам ўлдиришда гумон қилинаётган ИИБ ходимлари қамоққа олинди
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи 32 ёшли эркак А.Ю. 22 январь, чоршанба куни яшаш уйидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган. 23 январь, пайшанба куни эса ИИБдан мурдаси чиққан. Бу ҳақда хабар берган марҳумнинг яқинларига кўра, А.Ю. ИИБ ходимларининг калтаклаши оқибатида вафот этган.

Марҳум яқинларидан Баҳодир Холиқовнинг айтишича, марҳум А.Ю. Лангар қишлоғида ўғирланаётган чорва моллари ўғрилигида гумон қилинган.

— 22 январь куни соат чамаси 17:30 ларда марҳумнинг уйига борган ИИБ ходимлари уни туман ИИБга олиб кетган, — дейди Баҳодир Холиқов. — Эртаси куни эса унинг вафот этгани маълум бўлган.

Марҳумнинг акаси Шуҳрат Абдураҳмонов укасини олиб кетган ходимлар 4 нафар киши бўлганини, аммо укаси нима сабабдан олиб кетилаётганини айтишмаганини билдирди.

— 4 нафар ИИБ ходими уйга келди, — дейди Шуҳрат Абдураҳмонов. — Уларнинг 3 нафар формада эди, бир нафари эса фуқаро кийимидаги ходим эди. «Маҳалла идорасига олиб борамиз», дейишди. 23 январь куни соат 11:00 да эса маҳалла раиси Усмон Абдураҳмонов келиб, укам ИИБда вафот этганини айтди.

Қариндошларнинг таъкидлашича, марҳум мол бозорида чорва моллари олди-сотдиси билан шуғулланган.
Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтишича, Лангар қишлоғига борган прокуратура вакиллари марҳумни ИИБ ходимлари уриб ўлдирганини айтиб, 2 нафар ходим қўлга олинганини таъкидлаган.

23 январь куни вилоят ИИБда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Чироқчи туман ИИБ раҳбари Фазлиддин Юсупов туманнинг Лангар қишлоғидаги мол ўғрилигида гумон қилинганлар тўдаси қўлга олинганини айтганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чироқчида одам ўлдиришда гумон қилинаётган ИИБ ходимлари қамоққа олинди