15:34 / 27.01.2020
9 562

Онлайн аукционга қўйилган бўш ерларнинг очиқ электрон харитаси яратилди

Онлайн аукционга қўйилган бўш ерларнинг очиқ электрон харитаси яратилди
Ўзбекистонда онлайн аукцион орқали сотиб олиш мумкин бўлган бўш ерлар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг очиқ электрон харитаси ишлаб чиқилди.

Эндиликда исталган интернет фойдаланувчиси E-kadastr.uz платформасидаги онлайн харита орқали масофадан туриб Ўзбекистон ҳудудидаги барча бўш турган ерларнинг жойлашувини кўриши, ер майдони ҳақидаги бирламчи маълумотлар билан танишиши, ушбу ерни сотиб олиш истаги туғилганда бу ҳақда таклиф юбориши мумкин. Бу ҳақда Геоинфоком давлат унитар корхонаси раҳбари Ҳусан Исаев маълумот берди.

«Президентининг 2019 йил 26 августдаги қарорида бўш турган ерларни очиқ ва шаффоф равишда онлайн аукционга чиқариш принциплари белгилаб берилганди. Мана шу қарордаги вазифалардан келиб чиқиб, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси E-kadastr.uz порталини ишга туширдик. Бу – бўш турган ер участкаларининг очиқ электрон харитаси бўлиб, унга қўмитамиз органлари томонидан туманлар кесимида аниқланган бўш ер участкалари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойнинг 5-санасига қадар мунтазам янгилаб борилади. Жисмоний ва юридик шахслар бўш ер участкаларини аниқ инвестиция мажбуриятлари билан электрон аукционга қўйишни сўраб таклиф киритишлари мумкин», – дейди Исаев.

Қайд этилишича, жисмоний ва юридик шахслар томонидан E-kadastr.uz манзили орқали юборилган аризалар Ур ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг автоматлашган I-Intizom тизимига келиб тушади. Ер участкасини танлаш материаллари Давергеодезкадастр қўмитаси ҳудудий қурилиш бош бошқармалари, туман (шаҳар)лар қурилиш бўлимлари билан ҳамкорликда тайёрланади.

«Бу тизим орқали 2019 йил мобайнида 7мингдан ортиқ савдолар амалга оширилди. Яна маълумот ўрнида айтиш керакки, харидорлар сотиб олаётган ер участкасини онлайн тарзда ўзлари белгилаб, у ерда нима қилмоқчилиги ва таклифларини ёзиб қолдиришлари мумкин бўлади. Бу тизим орқали турли хил сарсонгарчилик ва қоғозбозликнинг олди олинади», – дейди Давергеодезкадастр давлат қўмитаси бош мутахассиси Қобил Бобожонов.

Маълум қилинишича, 23 январь ҳолатига кўра республика бўйича 4427та ер участкаси бўш турибди.
E-kadastr.uz платформасидаги онлайн харита орқали бўш турган ерларни вилоят, туман, шаҳар кесимида кўриш имкони мавжуд.

Маълум қилинишича, авваллари ерларга туман ҳокимининг розилиги билан эгалик қилиш мумкин эди. Ҳозирги ўзгаришларга кўра, истаган шахс аукционда ютиб чиқади ва ер унинг номига хатланади. Ҳозирда барча савдолар онлайн тарзда қонуний амалга оширилмоқда.

Давергеодезкадастр қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаевнинг сўзларига кўра, олдинлари аукцион ўтказилаётган пайтда иштирокчиларнинг жараённи кузата олмай қолиши ёки интернети ўчиб қолиши каби ҳолатлар бўлиб турар эди. Ҳозирда бундай ҳолатнинг олдини олиш мақсадида, туман ва шаҳар марказларида интернет билан таъминланган кичик хоналар ташкиллаштирилмоқда. Эндиликда бундай вазият бўладиган бўлса, аукцион қайта ўтказилади.



arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Онлайн аукционга қўйилган бўш ерларнинг очиқ электрон харитаси яратилди