
Янги турдаги коронавирус шиддат билан тарқалиб бормоқда. Эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Мўғулистон ва Малайзия Хитой билан чегарасини ёпди. Яна қатор давлатлар Хитой фуқароларига нисбатан виза чекловларини жорий этди. Хитой туризмининг асосий йўналишлари ҳам номаълум муддатга тўхтатилди.
Хўш, Ўзбекистон бундай вазиятда қандай йўл тутади? Биз ҳам чегараларни ёпишимиз керакми?
Бу саволга жавоб олиш учун Соғлиқни сақлаш ва Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси масъуллари билан боғландик.
Алишер Шодмонов, Соғлиқни сақлаш вазири:
– Мазкур коронавирусга қарши кураш доирасида биз нафақат Хитойдан келувчилар, балки барча йўналишлардан давлатимиз ҳудудига кириб келувчи йўловчиларни қатъий назоратдан ўтказаяпмиз. Чегара пунктлари тепловизорлар билан жиҳозланган, вирус ташиши мумкин бўлган маҳсулотлар жиддий текширувдан ўтказилади. Айнан вирус тарқалгани қайд этилган ҳудудлардан ташриф буюрувчилар ва касалликнинг ҳар қандай белгиси кузатилган фуқаролар алоҳида назоратга олинади. Юқумли касалликлар шифохоналарида ҳудудга кўра алоҳида ўринларни шай ҳолда тайёрлаб қўйганмиз, зарур дори-дармон захиралари яратилган.
Энди чегарани ёпиш масаласига келсак, бу чорани қўллаш вазирлигимиз ваколатида эмас. Аммо бу борада ўз фикримни айтадиган бўлсам, айни пайтда, яъни 30 январь ҳолатида мамлакатимиз ҳудудида бундай касалликка чалиниш ҳолати бирорта ҳам кузатилмаганлигига қарамасдан эҳтиёт чораларини кўришимиз лозим.
Шахсан ўзим юртимиз фуқароларининг Хитойга боришини чеклаш билан бир қаторда, хитойликлар ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг ушбу мамлакатдан юртимизга кириб келишини вақтинчалик чеклаш тарафдориман. Чунки, ушбу вируснинг ҳаво-томчи йўли билан ўтиши, одамдан одамга юқиши, бундан ташқари, касаллик белгиларининг яширин даври 14 кун давом этиши касаллик тарқалиш хавфини кескин оширади.
Қолаверса, ҳатто тиббиёти ривожланган АҚШ, қатор Европа давлатлари, Осиёнинг тараққий этган мамлакатларида ҳам бу касаллик кузатилаётганлиги вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб турибди.
Нурбек Саломов, Давлат божхона қўмитаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи:
– Хитой Халқ Республикаси билан чегарадош бўлган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатлари билан Ўзбекистон Республикасини боғлаб турувчи барча чегара-божхона постлари, шунингдек, халқаро аэропортларда фуқароларни божхона назоратидан ўтказиш жараёни қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизга сифатли маҳсулотлар кириб келишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинадиган маҳсулотларни божхона расмийлаштирувини амалга ошириш тегишли идоралар томонидан бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар асосида амалга оширилади.
Ташқи ишлар вазирлиги таклиф киритиш масаласини кўриб чиқмоқда
«Ўзбекистон коронавирус туфайли Хитой фуқароларига виза беришни тўхтатиш масаласини кўриб чиқаяптими?» - деган савол билан Ташқи ишлар вазирлиги вакили билан боғланганимизда у айни бу масала ўрганилаётгани ва таклиф киритилиш арафасида эканлигини билдирди.
Масъуллар билан боғланганимизда фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги қатъий позицияда экани маълум бўлди, қолган йўналишларда иш одатдаги тартибда олиб борилмоқда. 30 январь ҳолатига Хитойнинг аҳолиси вирусдан зарарланмаган ҳудуди қолмаганлиги, касалланганлар сони 8 минг, вафот этганлар 170 нафардан ошгани вазиятнинг жиддийлигини исботлагани ҳолда, фавқулодда ҳолатларда фавқулодда чоралар қўллаш заруратини англатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар