date
views 3 236

Фуқаро нима учун ўзини ёқиб юборгани сабаблари ўрганилмоқда

Фуқаро нима учун ўзини ёқиб юборгани сабаблари ўрганилмоқда
Хабарингиз бор, Андижон туманида Мажбурий ижро бюроси ходимлари ўз ваколати доирасидаги вазифани бажараётган пайтда юзага келган келишмовчилик туфайли фуқаро ўзига ўт қўйиб, жабрланган. Ушбу ҳолат бўйича мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси оммавий ахборот воситалари, Ахборот хизмати ходимлари ва блогерлар учун Матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Камолиддин Зулфиевнинг маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюросининг Андижон тумани бўлими ходимлари томонидан иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2019 йил 17 январь кунги жавобгар Х.З.Гаибназаров ва унинг оила аъзоларини Андижон туман “Бешбўйноқ” МФЙ “Бодомзор” кўчасидаги 140-уйдан мажбурий тартибда кўчириш ҳамда даъвогар Мавлудахон Байхановани ушбу уйга киритиш бўйича ижро ҳужжати келиб тушган.

Шу йилнинг 21 январь куни соат тахминан 18:00 ларда Мажбурий ижро бюросининг Андижон тумани бўлими ходимлари суд ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга боришган. Тарафлар ўртасида далолатнома расмийлаштириш жараёнида келиб чиққан келишмовчилик сабабли ижро ҳаракатлари 2020 йилнинг 22 январь кунига қолдирилган.

Шундан сўнг Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва ижро ҳаракати учун жалб қилинган бошқа шахслар қайд этилган манзилдан чиқиб кетаётган вақтда жавобгар Х.Г. ўзига бензин сепиб, ўт қўйиб юборган.

Оловни ўчириш учун МИБ ходимлари уйнинг ҳовузидан челакда сув олиб чиқиб, ўчиришга кўмаклашади. Аланга ўчирилганидан сўнг фуқаро Х.Г. бюро ходимларининг ёрдами билан Андижон туман тез тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонасига олиб келинган.

Ушбу масала юзасидан айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда тез кунларда хулоса ойдинлашади.

Матбуот анжуманида шунингдек, бошқарма томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили қилиниб, 2020 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусида ҳам фикр юритилди. Эътиборли жиҳати шундаки, алиментлар ундириш жараёнида оилаларни яраштириш ва соғлом турмуш тарзига қайтариш юзасидан самарали ишлар қилинди. Натижада 1 минг 439 та оила яраштирилиб, 793 нафар қарздор ишга жойлаштирилди.

Саминжон ҲУСАНОВ
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фуқаро нима учун ўзини ёқиб юборгани сабаблари ўрганилмоқда