22:38 / 02.02.2020
3 530

«Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият» — Саида Мирзиёева

«Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият» — Саида Мирзиёева
Саида Мирзиёева сўз эркинлигини таъминламасдан мамлакатда бошланган ислоҳотларни амалга ошириш имконсиз эканини қайд этди ва масъулиятни чуқур англаган ҳолда жамоатчиликка фойда келтириш учун қўлидан келган барча ишни қилишини маълум қилди.

Бугун, 2 февраль куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Очилиш маросимида чиқиш қилган фонд васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева сўз эркинлигининг кучи ҳақида сўзлади.

«Агентликдаги қисқа, аммо самарали фаолиятимиз билан президентимиз олиб бораётган ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланадиган сўз эркинлигига мустаҳкам асос ярата олдик.

Ҳозир ўз ишининг профессионалларини, масс-медиадаги муаммолардан хабардор бўлган журналистлар ва блогерларни бирлаштириш фурсати келди.
Фикримча, мазкур фонд нафақат медиа соҳаси учун, балки бутун фуқаролик жамияти учун муҳим бўлган ташаббус ва лойиҳалар учун яхши майдон бўлади.

Биз сўз эркинлиги ва унинг кучига ишонамиз. Биз айнан сифатли журналистика жамиятнинг демократик ҳаёти учун зарурлигига ишонамиз.

Бизнинг мақсадимиз – сиз журналистлар ва блогерларни ҳимоя қилишдир. Сиз эса кимнинг овози йўқ бўлса, уларнинг овози бўлинг. Овозингиз сизнинг миссиянгиз бўлмоғи керак. Жасурлигингизни йўқотманг ва ҳеч қачон тўхтаманг!», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У фаолияти давомида уни кўп бор танқидий таққослаш ҳаракатлари бўлганини қайд этиб ўтди.

«Мана, масалан, менинг Отам! У тоғ қишлоғидаги оддий оилада туғилган, ҳаёт йўлида ўз меҳнати ва қатъийлиги билан қийинчиликларни енгиб ўтган, ҳамиша ўз халқи учун наф келтиришга уринган. Биз шундай муҳитда ўсдикки, отамиз кун-у тун одамларнинг ҳаётини яхшилаш учун интилди. Якунда у ўз халқи ишончини қозониб, президент бўлиб сайланди!

Унинг собитқадамлиги ва меҳнаткашлигига қараб, биз болаликдан ўзимизда масъулият ҳис қилиб улғайдик.

Мен давлат хизматида ишлаганимда ва бугун фондда фаолият бошлаётганимда ҳам кўп бора мени танқидий таққослаш ҳаракатларига дуч келмоқдаман. Аммо ҳозир ишонтириб айтаманки, мен ўз масъулиятимни жуда яхши ҳис қиламан. Мен отам амалга ошираётган ислоҳотларга фойда келтириш учун максимал даражада ҳаракат қиламан.

Биз яхши биламизки, сўз эркинлиги ва давлат органларининг жамоатчилик олдида очиқлигини таъминламай туриб ислоҳотларни амалга ошириб бўлмайди. Бошқача айтганда, сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятисиз бошланган ислоҳотларни тўлиқ амалга ошмайди.

Президент ислоҳотлар ижроси назорати ваколатли органлар фаолияти миллионлаб кўзлар томонидан кузатилганда самарали эканини яхши тушунади. Албатта амалдорлар учун бу ноқулай, аммо кучли фуқаролик жамияти шундай қурилади.

Фонднинг масъул шахси сифатида бор имкониятларим, кўникма ва тажрибамни сўз эркинлиги, давлат органлари очиқлиги, журналистлар ва блогерлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун йўналтираман.

Жамоат арбоби сифатида мамлакатимиз маданий меросини тарғиб қилиш, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш ва «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида ногиронлиги бор болаларни ҳимоя қилиш бўйича ишларни давом эттираман.

Биз ўтмиш хатоларидан сабоқ олган ҳолда, кўзланган мақсадимиздан чалғимаслигимиз керак. Фақат бир гап айтишим мумкин – Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият ва мен буни тўла англайман!», дейди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Президентнинг қизи бўлиш — имтиёз эмас, жуда улкан масъулият» — Саида Мирзиёева