
ЎЗБЕКИСТОНнинг Биринчи президенти Ислом Каримов 2013 йилнинг ёзида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида бир гуруҳ фермерлар ва сараланган аҳоли вакиллари билан учрашиб, cуҳбатлашади. Учрашувда Президент Россияда меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз ҳақида шундай дейди:
“Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв, Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ… Одам жирканади-ки ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!
Энди тиламчи бўлиб, кўчага чиқиб, қўлини узатиб сўраш, одамнинг ор-номусига қаттиқ тегади. Ўзбек миллати нима билан ажралиб туради бошқалардан? Ор-номуси билан. Ўлим билан баробар эмасми бу?! Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб, шарманда қилади”.
“Ахборот”да намойиш этилган лавҳадаги бу гаплар Россия ва Қозоғистонда турли шароитларда меҳнат қилаётган 5 миллионга яқин ҳамюрларимизнинг, уларни яқинларининг нафсониятига тегади. Одамларда ғазаб уйғотади. Давлат раҳбарининг бу гапларига айрим хориж сайтларида юртдошларимизнинг “Жаноб президент, бизни муносиб иш билан таъминланг-чи, иссиқ уйимизни, бола-чақамизни ташлаб бу жойларга ит азобида ишлаш учун келармидик”, деган маънодаги муносабатлари билдирилади.
У пайтларда ҳозиргидек писмиқ блогерлар қаёқда дейсиз. Марказий ва маҳаллий нашрлар ҳамда ТВ эса юртимиздаги “жаннатий ҳаёт”, “оламни ҳавасини тортаётган ўзгаришларимиз” ҳақида саҳифа-саҳифа мақола чоп этиш, эфирга соатлаб кўрсатувлар узатиш билан машғул эди. Гўё халқни дарди йўқ, одамлар муаммо нималигини билмайди, осмонимиз эса мусаффо!
Бу каби лавҳалар албатта, давлат раҳбарига мамнуният бахш этган. Қолаверса, ҳар йили бир неча юз минглаб иш ўринлари яратиляпти. Анавилар бўлса, шундай шароитни ташлаб, мусофир юртда хор-зор бўлиб юрибди. Бу кишини жаҳлини чиқаради-да.
Яна бир ҳолат: ўша пайтларда Россия ОАВлари бу борада яхшигина ахборот уруши олиб борган. Рус телеканаллари лавҳалар, интернетда муҳожир юртдошларимиз ҳақида эълон қилинган аянчли суратлар халқимизнинг қалбини ўртар, юраклар зардобга тўларди. Буларни кўриб давлат раҳбари қандай ҳолатга тушганини, кўнглидан нималар ўтганини тасаввур қилаверинг.
Юқоридагиларни инобатга оладиган бўлсак, Биринчи президент Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларимизни ҳақоратлаш, камситиш маъносида гапирмаган. Булардан юраги оғриганидан, бошқалар қилмайдиган, қилишга ор қиладиган ишларни ўзбеклар қилиб юрганидан қалби ҳасратга тўлган, юраги қон бўлган. Миллатдошларини, халқининг вакилларини бундай хўрликларда кўришни, тинч замонда уларнинг ўлиги уйларига келишини ҳазм қилолмаган.
Аянчлиси, Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетган юзлаб (балки, минглаб) ёшлар турли алдовлар билан Яқин Шарқ ва бошқа давлатларда фаолият кўрсатаётган террорчи гуруҳлар сафига олиб кетилган. Улар нима мақсадда қўлга қурол олганини ҳам билмай бегона тупроқларда ўлиб кетган. Энг даҳшатлиси, улар орасида ўзга юртлардаги уруш оловини мамлакатимизда ёқиш ниятида бўлганлар ҳам пайдо бўла бошлаган. Бу каби ҳолатларга бефарқ қараб туриш мумкинми?
Айтиб ўтилганидек, уларнинг асосий қисми Россияга ишлаш мақсадида кетганлар эди. Шу боисдан ҳам, Президент Россия ва бошқа давлатларга ноқонуний йўллар билан бориб оғир ишларда эзилаётганларни юртга қайтариш ҳақида топшириқ беради. Вилоятларда ҳокимлар раҳбарлигида бу иш билан шуғулланишга қатъий киришилган. Мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳлар қайси туман, қайси шаҳар, қайси кўча, қайси маҳалладан неча киши қаёққа кетган, кимлар кетган, кимларнинг фарзандлари кетганини аниқлаш, уларни юртга қайтаришга киришган. Ҳатто, ота-оналарга нима қилиб бўлса ҳам болангни қайтарасан, деган шартлар қўйилган. Қайтиб келганларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилган.
Ўша даврларда барча соҳаларда қўшиб ёзишлар, ура-ура авж олгани бугун барчага маълум. Иш ўринлари яратиш ҳам бундан мустасно эмасди. Йилига 500-600 минг иш ўрни яратиляпти, деб ахборотлар берилган. Афтидан Президент бу рақамларга шубҳа билан қараган. Шу боисдан бўлса керак, парламентда қилган чиқишларидан бирида тахминан бундай деган: яратилаётган иш ўринларини ҳаққонийлигини ўрганиш учун беш марта текширтирдим. Бири-биридан мустақил гуруҳлар ўтказган текширувларда яратилган иш ўринлари ҳисоботдаги рақамларга ҳақиқатан тўғри келишини кўрсатди!
Энди, ўйлаб кўринг, иш ўрни яратишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун завод-фабрикалар қурилиши, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши лозим. Минг азобда завод-корхоналар қурилиб иш ўринлари яратилса-ю, уларда ишлайдиган одам бўлмаса? Улар тайёр ишлар жойларни ташлаб, Россияю Қозоғистонга кетса, ўзини азоб-уқбатга солса. Бундай пайтда нима дейиш мумкин?
Ҳар гал фарзандларим, болаларим деб атайдиган ёшларни Биринчи президент ўзга элларда хор-зор бўлиб юришига, инсон зоти дош бериши қийин бўлган шароитларда ишлашларига тоқат қилолмаган. Юқоридаги гапларни ҳам юраги ўртаб, ҳам алам билан айтган. У гаплари билан ҳамюртларини камситишни асло хаёлига келтирмаган. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Шу боисдан, Биринчи президентнинг юқоридаги гапларидан бошқа маъно излаш, бошқача тус бериш адолатдан бўлмайди.
Манба: hudud24.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар