Бош прокуратура Ер кодексини янги модда билан тўлдириш ташаббуси билан чиқди

  • 14 февраль 2020, 11:53
  • 657
  • Жамият
  • Бош прокуратура Ер кодексини янги модда билан тўлдириш ташаббуси билан чиқди
    “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
    Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатга кўра, Ер кодексига қўшимчалар киритилиши кутиляпти.

    Хусусан, 6-боб қуйидаги мазмундаги 58-1-модда билан тўлдирилади:

    “58-1-модда. Қайта тақсимланадиган қишлоқ хўжалиги ерлари
    Қишлоқ хўжалиги ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши муносабати билан жисмоний ва юридик шахслардан туман (шаҳар) ҳокимлиги ихтиёрига вақтинча қайтариб олинган вақтинча (қайта танлов ўтказилгунга қадар) фойдаланилмай турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қайта тақсимланадиган ерларни ташкил қилади.

    Юридик ва жисмоний шахсларнинг мавжуд ерлари туман (шаҳар) ҳокимлиги ёки суд томонидан ер ижара шартномаси бекор қилиниб, қайта тақсимланадиган ерлар ҳисобига олинганидан сўнг 3 кун ичида мазкур майдонлар очиқ танловга чиқарилиши шарт.

    Агар мазкур майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари экилган бўлса, бундай ҳолатда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан экилган қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиштириб олингунга қадар ушбу ер майдонлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар ҳамда туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер майдонлари кенгашининг ижобий хулосаларига асосан юридик шахсларга туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида бириктириб қўйилиши мумкин.

    Қайта танловга қўйилган қайта тақсимланадиган ерларга талабгорлар чиқмаса, бу ҳолатда бундай ер участкалари Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашининг қарори асосида юридик шахсларга берилади ва ушбу қарор ер участкасини давлат рўйхатидан ўтказишга асос бўлади.

    Қайта тақсимланадиган ерларда ёки унинг бир қисмида кўп йиллик мевали дов-дарахтлар ва токзорлар ёки бошқа мулклар бўлган тақдирда ушбу мулклар аукцион савдоларини ўтказиш орқали берилади (реализация қилинади)”.

    91-модда (Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш):
    учинчи қисмидаги (Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади) “вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки” деган сўзлардан кейин “суд буйруғига ёхуд” деган сўзлар билан тўлдирилади;

    қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилади:
    “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига қурилган уй-жой, бино, иншоот ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш суд буйруғига ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади”.

    » » Бош прокуратура Ер кодексини янги модда билан тўлдириш ташаббуси билан чиқди