date
views 12 376

Тўйда тилак билдираётиб, жон берган онанинг қизлари ва қудалари ўртасидаги ҳуқуқбузарлик иши судда кўрилди

Тўйда тилак билдираётиб, жон берган онанинг қизлари ва қудалари ўртасидаги ҳуқуқбузарлик иши судда кўрилди
Фарзандининг тўйида “тилаклар” билдираётиб, жон берган онанинг фарзандлари ва қудалари ўртасидаги ҳуқуқбузарлик иши судда кўрилиб, улар иш бўйича яраштирилди ва жавобгарликдан озод қилинди.
Қува туман маъмурий судида 2020 йил 14 январь куни “Ҳақорат” ва “Туҳмат” бўйича иш кўриб чиқилди.

Жумладан, 2019 йил 13 ноябрь куни соат 11:00ларда куёв Х.Хакимов ва келин С.Хакимовани тўйи бўлаётган вақтида, куёв ва унинг онаси сўзга чиқиб, тўйга келганларга ташаккур айтиб ўғли ва келинига яхши тилаклар билдираётган вақтида тўсатдан юраги ушлаб қолади ва ўғлининг қўлида жон беради, зудлик билан тез ёрдам бўлимига олиб борилган “она” эса вафот этгани тасдиқланади.
Куёв тўй маросимлари ўтказиш ўрнига дафн маросимларини ўтказади ва чуқур тушкунликка тушиб қолади.

Юрагига хеч нарса сиғмаган, чуқур тушкунликка тушган ва онасининг маросимлари билан банд бўлган куёв Х.Хакимов, келин С.Хакимованинг олдига ҳа деганда киравермайди. Орадан икки уч кун ўтиб, куёвнинг опалари келинни қадамини ёқмаганликда айблаб, “уни қиз чиқмаган” деб гап тарқатади. Келин ҳам тўйи бўлмаса ҳам шароитни тушунган ҳолда яшашга рози бўлиб, куёвнинг уйига бориб яшай бошлайди.

Бироқ куёв бола ҳамда унинг уйидагилар унга пичир-пичир қилиб, қадами ёқмаганлигини орқаворотдан айтишни бошлайди. Иложсиз қолган келин С.Хакимова бу ҳолатда бир неча кун чидайди ва ушбу тана-дашномлар тўхтамагач ўзининг онасига айтишга мажбур бўлади. Келиннинг онаси ҳам қудаларга қизининг айби йўқлигини куёвнинг онаси вафот этса бу Оллоҳнинг иши эканлигини айтади ва шу орада жанжаллашиб, жаҳли чиқиб ҳақорат қила бошлайди.

Ҳуқуқбузарлар ушбу ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилади ва уларга нисбатан туҳмат ва ҳақорат бўйича тегишли материаллар тўпланади. Суриштирув давомида келин экспертизадан ўтказилганда “қиз бола” эканлиги ойдинлашади. ИИБ томонидан ўтказилган суриштирув ҳаракатлари давомида уч нафар ҳуқуқбузар, яъни келиннинг онаси (ҳақорат) ва куёвнинг икки нафар опалари (туҳмат)га нисбатан баённома расмийлаштирилади ва иш судга ошади.

Судда ушбу иш бир неча кун давомида кўриб чиқилади, тарафлар тингланади ва уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо чоралари, иш бўйича ўзаро ярашиб, бир бирларидан кечирим сўраса, суд уларни кечиришларини батафсил тушунтиради, бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоллари, бош имом хатиб ва бошқа фаолларни жалб қилиб тушунтириш ишларини олиб боради, чунки икки тарафда бир-бирига нисбатан адоват пайдо бўлган ва бу охир оқибат оғир жиноятни юзага келтириши мумкин эди.

Тарафлар суднинг берган тушунтириш ва тавсиялари асосида келиннинг кўчи ва бошқа масалаларини ўзаро ҳал қилишиб, судда бир бирларидан кечирим сўрашиб, бошқа бундай ҳуқуқбузарликлар содир қилмасликларини, бироқ келин-куёвлар оилани тиклаши учун бироз вақт ўтиши лозимлигини таъкидлайди.

Суд иш ҳолатларини атрофлича ўрганиб, ҳуқуқбузарларнинг ўзаро иш бўйича ярашиб олганлик ҳолатини инобатга олиб, ўзининг инсонпарварлик принципидан келиб чиққан ҳолда жазо тайинламасликни лозим топди.

Қува туман маъмурий
судининг раиси
А.Жумаев
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўйда тилак билдираётиб, жон берган онанинг қизлари ва қудалари ўртасидаги ҳуқуқбузарлик иши судда кўрилди