17:35 / 03.03.2020
2 755

Ёш йигит икки кунда учта хонадонни “ўмарди”, аммо кўп ўтмай бу қилмиши фош бўлди

Ёш йигит икки кунда учта хонадонни “ўмарди”, аммо кўп ўтмай бу қилмиши фош бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган мурожаатномасида ёшлар масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилди.

Мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар, ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришни кун тартибига қўйилаётгани, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индексини жорий этиш кераклиги маълум қилинди.

Мурожаатномада, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи “Ўзбекистон ёшлари-2025” концепциясини ишлаб чиқиш, унда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланиши лозимлиги, жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳеч ким четда турмаслиги, “Ўз болангизни, ўз уйингизни, ўз Ватанингизни кўз қорачиғидек асранг!” деган шиор одамларимиз қалбидан чуқур жой олиши зарурлиги, жамиятимизда аҳоли, айниқса, ёш йигит ва қизларимизнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – биринчи даражали аҳамиятга эга эканлигини, шу боис, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган дастурий ғоя асосида ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш – ўта шарафли вазифа эканлиги айтиб ўтилди.

Давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган имкониятлар кенгайиб, ёшларни илмли қилиш, уларни иш билан таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги ҳаммамизни қувонтиради албатта.

Бироқ, ҳеч қаерда ишламасдан, иш йўқлигини важ қилиб, жиноятга қўл ураётган ёшларимиз ҳам жамиятда учраб турибди, уларни бу йўлдан қайтариш, нафақат ота-она, балки маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар ва барчамизнинг бурчимиздир.

2020 йил 22 январь куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида, Т.Анваровга (исми-шарифи ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб ҳукм чиқарилди. Т.Анваровнинг шахсига тўхталадиган бўлсак, у 2000 йилда Навбаҳор туманида туғилган, энди 20 ёшни қаршилаган, уйланмаган, ёш навқирон йигит.

Гап шундаки, Т.Анваров такроран ўғирлик жиноятини содир қилишни мақсад қилиб, дастлаб 2019 йил 27 ноябрь куни соат 20:00 ларда Навбаҳор туманида яшовчи М.Р.нинг яшаш хонадонига яширинча кириб, у ердан 800.000 сўм нақд пулларни ўғирлаб чиқиб, М.Р.га 800.000 сўм зарар, 2019 йил 30 ноябрь куни соат 20:30 ларда Навбаҳор туманида яшовчи Р.А.нинг яшаш хонадонига яширинча кириб, унинг уйидаги хонадаги шкаф ичидан 2.500.000 сўмлик тилла тақинчоқ ва 35.000 сўм нақд пулларни ўғирлаб чиқиб, Р.А.га 2.535.000 сўм зарар, 2019 йил 30 ноябрь куни соат 21:30ларда Навбаҳор туманида яшовчи А.Р.ни яшаш хонадонига яширинча кириб, 900.000 сўмлик тилла узук ва 400.000 сўм нақд пулларни ўғирлаб чиқиб, А.Р.га 1.300.000 сўм зарар етказиб, воқеа жойидан яширинган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида, такроран ўғирлик жиноятини содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Суд, Т.Анваровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унинг ёшлиги, эндигина 20 ёшга тўлганлиги, айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, содир қилган қилмишидан хулоса чиқариб, кечирим сўраганлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчиларни даъвоси йўқлигини эътиборга олиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Биз умид қиламизки, Т.Анваров белгиланган чекловларга амал қилади ва тузалиш йўлига ўтади, агарда у суд томонидан белгиланган чекловларга амал қилмаса, унга тайинланган озодликни чеклаш жазоси, қонунда белгиланган тартибда озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиши мумкин.

А.Ибодов
Жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман судининг раиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёш йигит икки кунда учта хонадонни “ўмарди”, аммо кўп ўтмай бу қилмиши фош бўлди