07:00 / 07.03.2020
4 639

Маҳалла вазири ҳудудий бошқармаларга нега «формали»лар раҳбар бўлганини изоҳлади

Маҳалла вазири ҳудудий бошқармаларга нега «формали»лар раҳбар бўлганини изоҳлади
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
«Формали» ходимларнинг фуқаролик жамиятига кириб бориши яхши ҳодиса. Бу фикр маҳалла ва оила масалалари вазири Раҳмат Маматов томонидан журналистлар билан бўлган очиқ мулоқотда айтиб ўтилди, дея хабар бермоқда «Дарё» нашри.

2020 йил февраль ойи ўрталарида Ўзбекистонда Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилди. Президент фармонига мувофиқ, вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосарига тенглаштирилди. Шу билан бирга, Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан узвий ҳамкорликда ишлаши белгиланди.

Илгари Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи сифатида ишлаган Раҳмат Маматов вазирлик раҳбари этиб тайинланди. Ички ишлар вазири ўринбосари ҳисобланган Азиз Икромов бир вақтнинг ўзида Маҳалла ва оила масалалари вазирлигида Раҳмат Маматовнинг ҳам ўринбосарига айланди.

Ўз навбатида, вазирликнинг тўртта — Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Хоразм вилоятларидаги бошқармаларига ички ишлар тизимида фаолият юритган ходимлар бошлиқ этиб тайинланди. Маматовнинг таъкидлашича, бу тайинловлар мазкур ҳудудларнинг чегарада жойлашгани билан боғлиқ.

«Ушбу тайинловлар кимнидир қамаш ёки қаттиққўллик нуқтаи назаридан амалга оширилгани йўқ. Ўзбекистонда 2 мингга яқин маҳалла чегара ҳудудида жойлашган. Фуқаролар ўртасида чегарани бузмаслиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш ва ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Чегарадаги хавфсизлик — сиз учун ҳам, мен учун ҳам, бутун Ўзбекистонимизда яшайдиган ҳар бир фуқаро учун ҳам энг муҳим масала», — деди вазир.

Вазирнинг қўшимча қилишича, «формали» ходимларнинг бу тизимга ўтиши — яхши ҳодиса. «Улар фуқаролик жамиятига кириб боряпти. Бу раҳбарлар маҳалланинг ишига аралашмайди. Аксинча, улар вазирлик нуқтаи назаридан кўмаклашиш, маслаҳат ҳамда ҳуқуқий ёрдам бериш учун тайинланган», — дея изоҳлади Раҳмат Маматов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маҳалла вазири ҳудудий бошқармаларга нега «формали»лар раҳбар бўлганини изоҳлади