11:43 / 08.03.2020
3 394

Собиқ маҳкума: “Бу йил 8 март кунини оилам бағрида ўтказадиган бўлдим“

Собиқ маҳкума: “Бу йил 8 март кунини оилам бағрида ўтказадиган бўлдим“
Ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик, меҳр-оқибат, кечиримлилик, қоқилган инсонга ёрдам бериш, имконият тақдим этишдек олижаноблик туйғулари шу кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида кўзга ташланмоқда. Бундай эзгу фазилатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонида яна бир бор ўз инъикосини топди.

Унга кўра, янглишиб жиноят содир этган, айни кунда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, ахлоқини қатъий тузатиш йўлига ўтган, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёллар афв этилди. Уларнинг 12 нафари жазодан тўлиқ озод қилинадиган бўлди. 29 нафари эса ижро муддатидан илгари шартли озод қилинади, 17 нафар маҳкумага тайинланган ҳукм енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Уларнинг 25 нафарига тайинланган жазонинг муддатлари қисқартирилди.

Куни кеча Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 42-сонли жазони ижро этиш манзил колонияси ва 21-сонли жазони ижро этиш колониясида ушбу Фармон ижросига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда иштирок этган 200 нафарга яқин маҳкумаларга байрам совғалари улашилди. Афв этилиб, озодлик ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олаётган давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармонидан беҳад хурсанд эканликларини изҳор этдилар. Келинг, улардан айримларининг дил сўзларига қулоқ тутамиз.

21-сонли жазони ижро этиш колониясидан озодликка чиққан Тошкент туманида истиқомат қилувчи Шолпан Нуртаева хурсандчилигини шундай таърифлайди:

— Менга бугунги байрам қўшалоқ келди. Қалбимдаги қувонч ва ҳаяжонни тўлиқ кўрсата ололмасам керак. Муҳтарам Президентимиздан бир умр миннатдорман. Худога беадад шукр, бу йил 8 март кунини оилам бағрида ўтказадиган бўлдим. Менга билдирилган ишончни, кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиромни ҳалол меҳнатим, намунали турмуш кечиришим билан оқлайман.

Баратова Зарина эса Чирчиқ шаҳридан. У 42-сонли манзил колонияда жазо муддатини ўтаётганди. ОЗОДЛИК. Нақадар тотли сўз... Заринанинг кўзларидаги қувонч ёшлари ҳар қандай тош юракни эритади. Албатта, бу жамиятимиздаги адолат тамойилларига ишонч, ўз келажагига бўлган қатъий умид туфайли балқиган хурсандчиликдир.

—Жуда-жуда бахтиёрман. Уйда олти нафар фарзандим мени интиқлик билан кутяпти. Энди уларнинг тарбияси билан шуғулланаман. Ҳаётда хато қилмасликка сўз бераман. Ўз яқинлари ва фарзандларидан жудоликда яшаш нақадар оғир эканлигини англаб, бизга яна бир бор имконият берган давлат раҳбаридан жуда миннатдорман, уларнинг ҳаққига сўнгги нафасимгача хайрли дуодаман.

Зангиотадаги 21-сонли жазони ижро этиш колониясидан авф этилган яна бир маҳкума Инамова Махарам Эркиновна эса Қирғизистон Республикаси фуқароси. У биз билан суҳбатда шундай деди:

— Чет эл фукароси бўлишимга ва оғир жиноят содир этганлигимга қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан афв этилдим. Бу мамлакатингиз раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёев олиб бораётган олижаноб ислоҳотларнинг ҳаётий кўринишидир. Қилмишимдан пушаймонлигим, хатоларимни тан олганим ва бу йўлга бошқа қадам босмаслигим инобатга олинди. Байрамни яқинларим даврасида нишонлайман. Ҳадемай, меҳр-мурувват, бағрикенглик, айёми Наврўз ҳам кириб келади. Бугунги афв аслида бу байрамга ўзбек халқининг қанчалар самимий эканлиги, унинг тамойилларига амал қилишининг исботидир. Бағрикенг, меҳмондўст, элпарвар ўзбек қардошларим дунё тургунча турсин. Унинг мурувватли, илм-маърифатли, Президенти ҳамиша омон бўлсин!

Афв этилган маҳкумалар бу ердан ўз оиласи, ота-онаси, фарзандлари бағрига қайтди. Энди улар жамиятда қайта ўз ўрини топиб, меҳрибон она, суюкли бека, оқибатли фарзанд бўлиш бахтига мушарраф бўладилар.
Уларнинг юзларида балқиган қувончи, кўзларидаги севинч ва соғинч ёшлари энди фақат эзгулик ва бахтли кунлар учундир.

Уларнинг дуолари, жамиятга ва адолатга, одамларга бўлган қатъий ишончи энди фақат эзгуликка етаклайди деб ишонамиз. Зеро, давлатимиз барқарорлиги, инсонпарварлик ғояларига содиқлиги, фуқаролик жамияти ривожи йўлидаги амалий натижалари Халқаро хотин-қизлар куни арафасида яна бир бор намоён бўлди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

Манба: Xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Собиқ маҳкума: “Бу йил 8 март кунини оилам бағрида ўтказадиган бўлдим“