12:20 / 09.03.2020
3 988

Президент камбағалликни қисқартириш учун нима қилиш кераклигини айтди

Президент камбағалликни қисқартириш учун нима қилиш кераклигини айтди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида камбағаллик муаммоси ва уни қисқартириш масаласига тўхталиб ўтди.

«Муҳтарама опа-сингиллар!

Хабарингиз бор, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланди ва бу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни бошладик.

Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак: камбағалликни қисқартириш учун биринчи навбатда ишсизликни камайтириш керак. Аввало, аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда, айниқса аёлларимизда тадбиркорликка иштиёқни уйғотиш зарур.

Биз бу борада жаҳон ҳамжамияти тажрибасини атрофлича ўрганиб, халқаро ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Айни вақтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа давлатлар билан тадбиркорлик ва хусусий бизнесни ривожлантириш, камбағалликка қарши кураш бўйича шу йилнинг ўзида 700 миллион долларлик дастурларни амалга оширишни кўзда тутмоқдамиз.

Шу кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бошчилигида тузилган республика ишчи гуруҳи вилоятларда бўлиб, турмуш шароити оғир бўлган хотин-қизларнинг аҳволини ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ таҳлил қилиб, уларга амалий кўмак бермоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқ жойларда яшаётган аёлларнинг, мустақил ҳаётга кираётган қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича ҳар бир маҳалла кесимида дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси ташкил этилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг куну тун узлуксиз ишлайдиган, хотин-қизларнинг мурожаатларини қабул қиладиган «Ишонч телефонлари» ёки замонавий тилда айтганда, «Колл-сентр» фаолияти йўлга қўйилди.

Энди мамлакатимизнинг исталган шаҳар ёки қишлоғидан, чекка овуллардан ҳам аёлларимиз 1211 қисқа рақамини териб, ушбу марказга бевосита мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Биз буни халқ билан самарали мулоқот олиб бориш йўлидаги бошлаган ишларимизнинг мантиқий давоми, деб баҳолаймиз
», — деди Шавкат Мирзиёев.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент камбағалликни қисқартириш учун нима қилиш кераклигини айтди