12:30 / 12.03.2020
2 587

Ўзбекистонда маҳкумларга қатор ҳуқуқлар берилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда маҳкумларга қатор ҳуқуқлар берилиши кутилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 март, чоршанба куни, бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан ўнлаб масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 631-сонли қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Йиғилишда айтилишича, мазкур қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан киритилган бўлиб, у 4 та моддадан иборат. Лойиҳани ишлаб чиқишда 2019—2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида белгиланган устувор йўналишлар инобатга олинган. Шу билан бирга илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар ўрганилиб, Испания, Туркия ва Япония давлатлари тажрибаларидан фойдаланилган.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Солиҳовнинг таъкидлашича, лойиҳа қабул қилингач, қуйидаги тартиблар амалиётга жорий этилиши кутилмоқда:

маҳкумларнинг шахсий хавфсизлик ҳуқуқини таъминлаш механизми такомиллаштирилади. Жумладан, маҳкум ўз хавфсизлигини таъминлашни сўраб, муассаса ёки органнинг ҳар қандай ходимига ариза, хабар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлади. Мурожаатни кўриб чиқиш даврида маҳкум вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштирилиши, унга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисида ёки уларни қўллашни рад этиш бўйича 3 сутка ичида, кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда эса дарҳол қарор қабул қилиниши кўзда тутиляпти;

тинтув ва кўздан кечириш жараёнида маҳкумларга нисбатан жисмоний куч ва махсус воситаларни ишлатиш тақиқланмоқда;

узоқ муддатли учрашув маҳкумлар илтимосига кўра, қисқа муддатли учрашув, видеомулоқот ёки телефон орқали сўзлашув билан алмаштириляпти. Қисқа муддатли учрашув эса видеомулоқот ёки телефон орқали сўзлашув билан алмаштирилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда;

маҳкумларни рағбатлантириш мақсадида янги модда ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқадиган махсус комиссияни тузиш, унинг таркиби, комиссия фаолиятида жамоатчилик иштироки ҳамда муддати аниқ белгиланяпти;

тарбия колонияларида жазони ўтаётган вояга етмаган маҳкумларнинг ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга чекланмаган миқдорда учрашувга рухсат бериш режалаштириляпти;

ҳомиладор ва боласи бор маҳкум аёлларга қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда. Хусусан, маҳкум аёлларга вояга етмаган фарзандлари билан бир йил давомида 4 маротаба муддати 5 суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув берилиши режалаштириляпти. Манзил колонияда эса муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида, қоидага кўра, ишдан бўш вақтда чекланмаган ҳолда яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашув бериш белгиланмоқда;

маҳкум аёлларга 3 ёшга тўлмаган болаларини жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштиришга ва ишдан бўш вақтда улар билан чекланмаган миқдорда бирга бўлишга рухсат берилиши мумкин.
Мажлисда қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда маҳкумларга қатор ҳуқуқлар берилиши кутилмоқда