19:50 / 16.03.2020
5 467

Ўзбекистонда коронавирус қайд этилганлар сони 8 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус қайд этилганлар сони 8 нафарга етди
Фото: Anadolu Ajansi
Ўзбекистонда коронавируснинг илк бемори бўлган аёлнинг қариндошларидан бирида ва 14 март куни Лондондан Тошкентга келган бир ўзбекистонликда коронавирус инфекцияси тасдиқланди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган ўзбекистонликлар сони 8 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус юқиши билан боғлиқ яна икки ҳолат ҳақида хабар берди.

«Шу йилнинг 15 март куни Вирусология илмий текшириш институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида, шунингдек, унинг ўғли ва қизи, турмуш ўртоғи ва набирасида коронавирус инфекцияси аниқланганини хабар қилган эдик.
Олиб борилган таҳлил натижаларига кўра, ушбу бемор билан мулоқотда бўлган қариндошида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 14 март куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига қарашли Лондон–Тошкент йўналишидаги 201-рейс билан келган юртимиз фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Беморлар билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати олиниб, уларнинг саломатлиги устидан ҳам тиббий назорат ўрнатилган. Ҳозирда шифокорлар ва мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даволаш ва эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус юқтирган илк бемор 15 март куни аниқланди, у 11 март куни Франциядан келган ўзбекистонлик аёл бўлди. Кун охирига бориб унинг ўғли ва қизига ҳам вирус юққани тасдиқланди. Шунингдек, 15 март куни соат 05:15да Истанбул—Тошкент йўналишидаги 274- рейс билан Тошкентга келган яна бир Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланган.

16 март куни Париждан келган аёлнинг оила аъзоларидан яна икки нафарида вирус аниқланди - унинг турмуш ўртоғига ва набирасига коронавирус юққан.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёнинг 130дан ортиқ мамлакатида жами 174 мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланган, уларнинг 78 мингга яқини соғайиб кетган, қурбонлар сони 6685 нафар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда коронавирус қайд этилганлар сони 8 нафарга етди