18:30 / 17.03.2020
4 073

Ўзбекистонда 2100 киши карантинга жойлаштирилган

Ўзбекистонда 2100 киши карантинга жойлаштирилган
«Ўзбекистонда короновирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар» мавзусида брифингда карантинда сақланаётганларнинг аҳволи маълум қилинди.

17 март ҳолатига кўра Ўзбекистонда ҳозирги кунда 2100 нафар одам карантинда турибди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси ​​​​​бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.

«Шу пайтгача Ўзбекистон фуқароларининг 7900 нафардан кўпроғи карантинда бўлди. Шу пайтгача 5700 нафардан ортиқ одам карантин талабларини ўтаб, уйларига қайтди. Ҳозирги кунда 2100 одам карантинда турибди.

Тошкент вилоятининг «Бўстон», «Энергетик» санаторийларида ва Тошкент шаҳридаги 6-сонли шифохонада карантинда ушланган шахслар барча шароитлар билан таъминланган», деди у.

Маълум қилинишича, уларнинг барчаси етарли тиббиёт ниқоблари ва санитария геллари билан таъминланган. Уларнинг соғлиги тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинган. Бундан ташқари, карантиндаги фуқаролар нафақат касаллик туфайли назоратда, балки соғлигини тиклаб олиш учун ҳам имкониятга эга.

Нурмат Отабеков коронавирус беморлари давлат ҳисобидан даволанишини таъкидлади.

«Коронавирус билан касалланганлар давлат бюджети ҳисобидан бепул даволанади. Улардан даволаниш учун ҳеч қанақа дори-дармон сотиб олишлари талаб қилинмайди», – деди у.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг қўшимча қилишича, касалланганларни қабул қиладиган шифохоналарда етарлича шароитлар яратилган.

«Бугунги кунда минг нафар беморни тўлиқ даволашга етадиган дори-дармон захираси яратилган. Вазиятга қараб, бунинг миқдорини ошириб бориш мумкин. Бундан ташқари, турли махсус аппаратларни ишлатиш учун шифокорлар ўқитилган», дейди у.

Нурмат Отабеков хориждан келаётган фуқароларнинг барчаси (тиббиёт муассасаларида карантинга жойлаштирилмаганлар) уй шароитида карантинга олинаётгани ҳақида маълум қилган.

«Коронавирус ҳозиргача 155та давлатда аниқланган. Ўзбекистонда ҳам 16 март кунигина расман аниқланди. 15 март куни лаборатор-скринингдан кейин инфекция Ўзбекистонга ҳам киргани аниқланган. Унга қадар ҳам 1070та текширув ўтказилган. Ўзбекистон коронавирус бўйича маълумотни яширишни истамайди. Инфекцияни яшириб бўлмайди ҳам. У барибир эртага қаердадир ўзини кўрсатади.

Ҳозирда карантин икки кўринишда ўтказиляпти. Чартер рейслар билан бошқа давлатлардан олиб келинаётган юртдошларимизнинг барчаси изоляция қилиняпти ва текшириляпти. Агар фуқаро ўзи алоҳида келса, унга уй шароитида карантин белгиланяпти.

Ўзбекистонда вирус икки кун олдин пайдо бўлди, биз чегараларни ёпдик. Россияда эса у анча олдин аниқланди, бу давлат чегараларини эртага ёпмоқчи. Биз эпидемияга қарши олиб бораётган тадбирлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг барча талабларига мос келади. Чет мамлакатдан олиб келинаётган юртдошларнинг барчаси тиббий текширувдан ўтказилмоқда», дейди у.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус юқтирган беморлар сони 11 нафарни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистонга коронавирус тўртта рейс орқали кириб келди.

Биринчиси, 11 март куни Париж-Тошкент рейси. Бу рейс орқали учган шифокор аёл Ўзбекистонда ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, набираси ва қариндошига вирус юқтириб улгурди (6 бемор).
Иккинчиси, 15 март куни соат 05:15да Истанбул—Тошкент йўналишидаги 274- рейс (3 бемор).
Учинчиси, 14 март куни Лондон–Тошкент йўналишидаги 201-рейс (1 бемор).
Тўртинчиси, 17 март куни Дубай–Тошкент йўналишидаги рейс (1 бемор).

Эслатиб ўтамиз, коронавирус кенг авж олган давлатлардан эвакуация қилинаётган фуқаролар Ўзбекистонга олиб келингач, икки ҳафталик карантинга жойлаштирилмоқда. 16 март куни ҳам Латвиядан олиб келинган 175 нафар йўловчи ҳамда Эрондан олиб келинган 37 нафар фуқаро Наманган вилояти ҳудудида махсус тайёрланган жойларга карантин учун жойлаштирилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда 2100 киши карантинга жойлаштирилган