21:00 / 17.03.2020
3 421

Вазирлик: Ўзбекистонда коронавирусни ташхислаш бўйича имконият етарли

Вазирлик: Ўзбекистонда коронавирусни ташхислаш бўйича имконият етарли
Республикада коронавирус ҳолатларини ташхислаш бўйича техник имкониятлар етарли.
«Ўзбекистонда короновирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар» мавзусидаги брифингда коронавирус билан касалланганликда ташхислаш жараёни қандай кечиши хусусида маълумот берилди.

«Ўзида коронавирус аломатларини (умумий ҳолсизланиш, томоқ қичиши ва қуруқ йўтал, нафас қисиши, тана ҳароратининг кўтарилиши) сезганда ёки касалланганлик эҳтимоли бўлган шахс билан мулоқотда бўлганда тез тиббий ёрдам чақириш зарур. Тез ёрдам шифокори ҳақиқатан ҳам короновирусга гумон қилса, ҳудуддаги белгиланган шаҳар/туман юқумли касалликлар шифохонасига олиб боради.

Ҳар бир вилоятда Санитария-эпидемиология маркази бўлиб, у ерда вирусология лабораторияси бор. Шу ерда гумонланувчининг таҳлиллари коронавирусга тўғри ташхис қўядиган аппаратда ўрганилади ва хулосалар чиқарилади. Агар COVID-19 борлиги тасдиқланса, юқумли касалликлар шифохонасида махсус палатага ётқизилади», дея тушунтирди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

Алматовнинг қўшимча қилишича, ҳар бир аҳоли пунктига хизмат қилувчи даволаш муассасасида вирусолог-терапевт мутахассис мавжуд. Зарурат бўлганда, касалликка гумон бўлмай, фақатгина профилактик кўрик учун ҳам шу мутахассис билан маслаҳатлашиш мумкин.

Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси ​​​​​бошлиғи Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, республикада коронавирусни ташхислаш бўйича техник имкониялар етарлича.

«Касалликни ташхислаш бўйича муаммо йўқ. Техник имкониятлар етарли. Барча тиббиёт ходимлари касаллик бўйича тайёрловдан ўтган.

Ўзбекистон коронавирусни ташхислаш бўйича Россиядан 3000та, ЖССТдан 1500та, Хитойдан 1500та тест тизимини сотиб олган. Бугун Россиядан яна 6000та тест тизими етиб келиши керак.

Бундан ташқари, АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва профилактика қилиш марказидан 1500та тест юборилиши кутилмоқда», деди Отабеков.
У вирус билан касалланиш ҳолатининг такрорланиши бўйича ҳам изоҳ берди.

«СОVID-19ʼдан даволаниб, тузалиб чиққандан сўнг касалликнинг такрорланиш ҳолати ҳалигача кузатилмаган. Аммо соғайган одамда касаллик асоратлари қолади. Ўпкада бириктирувчи тўқималар ривожланиши натижасида нафас қисиши сезилади, бу узоқ давом этиши мумкин», дея таъкидлади Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси ​​​​​бошлиғи.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вазирлик: Ўзбекистонда коронавирусни ташхислаш бўйича имконият етарли