14:53 / 29.03.2020
4 809

Намангандаги илк бемордан яна 5 қариндошига ва ҳамширага вирус юққани маълум бўлди

Намангандаги илк бемордан яна 5 қариндошига ва ҳамширага вирус юққани маълум бўлди
29 март куни Ўзбекистонда аниқланган жами 29та янги ҳолатдан 6таси Наманган вилоятида қайд этилгани маълум қилинди.
Наманган вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимов вилоятда коронавирус билан боғлиқ вазият тўғрисида қўшимча маълумот берди.

«12 мартда Туркия орқали умра зиёратига бориб келгандан сўнг уй карантинида назоратда бўлган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1969 йилда туғилган аёл коронавирус инфекциясига чалинганликда гумон қилиниб, 24 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатувига ётқизилди ва 26 март куни унда коронавирус инфекцияси аниқланди. Шу билан бирга, инфекция бу аёлдан унинг онаси, синглиси, қизи ва набирасига ҳам юққани ҳамда унинг 72 ёшли онаси сурункали касалликлари оқибатида 26 март куни вафот этганлиги ҳақида хабар берилганди.

Бугун, 29 март куни тонгда ушбу аёлнинг карантин кузатувида бўлган яна 5 нафар қариндошида ҳамда онасига тиббий хизмат кўрсатиб келган патронаж ҳамширасида, жами 6 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланди. Умра зиёратига борган аёлнинг синглиси, синглисининг келини, акаси, акасининг турмуш ўртоғи, жияни ҳамда тиббий ҳамширанинг коронавирус инфекцияси таҳлили мусбат натижа берди.

Ҳозирги кунда ушбу фуқаролар билан оилавий ва яқин мулоқотда бўлганларнинг барчаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ва иккиламчи мулоқотда бўлганларнинг барчаси махсус жиҳозланган изоляторларга жойлаштирилди. Ҳозирда уларнинг соғлиги малакали мутахассислар томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Бугунги кунга Наманган вилоятида қайд этилган жами коронавирусга чалиниш ҳолати 12тани ташкил этмоқда.

Ҳурматли вилоятимиз фуқаролари! Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази номидан сиздан уйдан чиқмасликни, коронавирус профилактикаси талабларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз! Ҳаётингизни, оилангизни, фарзандларингизни, ота-онангизни, халқимиз келажагини хатарга қўйманг!», дейди вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимов.

Наманганда яна бир киши Истанбул-Тошкент рейси билан учиб келиб, уй карантинида сақланган, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида карантин кузатувида бўлиб, вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораторияси таҳлил натижаларига кўра, коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган.

29 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари сони 133тани ташкил этмоқда. Шундан 2 киши вафот этган ва 7 киши соғайган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Намангандаги илк бемордан яна 5 қариндошига ва ҳамширага вирус юққани маълум бўлди