20:30 / 31.03.2020
3 324

«Korzinka»да картошка нархи қанча? Супермаркет раҳбари Зафар Ҳошимов бунга жавоб берди

«Korzinka»да картошка нархи қанча? Супермаркет раҳбари Зафар Ҳошимов бунга жавоб берди
Коронавирус эпидемияси тарқалгач, ижтимоий тармоқларда кунда-кунора ваҳимали хабарлар тарқалмоқда. Бу эса ҳозирги шароитда аҳоли кайфиятига таъсир кўрсатмай қолмайди.

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов шу мавзуда фикр билдириб, аҳолини провокаторлардан огоҳ бўлишга чақирди.
«Бир нарсага роса ҳайронман. Ўзи бир мураккаб вақтлардан ўтаётган бўлсак, одамларнинг асаби шусиз ҳам анча тортилгани аниқ. Нега шу ҳолатда баъзилар халқнинг яна жиғига тегиш, одамларни янада ғазаблантириш билан машғул бўлар экан-а?

Бири контрфиленинг расмини олиб, «Корзинкада мол гўшти 84 минг сўм булибди
», деб ёзса, бошқаси ёш «баррача» картошка нархини олиб, «Корзинкада картошка 18 минг сўм бўлибди», деб жар солса...

Бу ваҳима хабарларнинг ҳеч бирида на холислик ва на ҳақгўйлик бор. Одамлар асаби тортилганидан фойдаланиб, ўзига пиар қилиш билан овора бу инсонлар, лекин амалларининг қандай оқибатларга олиб келишидан улар мутлақо бехабар, чоғи. Мен шу ерда атайин Иккинчи жаҳон уруши даврида ваҳима ва провокация тарқатувчилар ҳақидаги плакат суратини жойлаштирдим. Шояд, шу кимсаларга сабоқ бўлармикан, деган умиддаман.

Улар бу амалларини қасддан килган дейишимнинг боиси, кичкина рангсиз 3см х 7см нархномаларни кўриб, катта А4 форматдаги сап-сариқ нархномани кўрмасликнинг асло имкони йўқ.

Наҳотки 83990 сўмлик антрекот расмини олган инсон, ёнидаги 48990 сўмлик чиройли мол гўштининг расмини кўрмаган булса ёки 17990 сўмлик яп-янги ёш картошкани суратга олиб, уни достонларга тушираётган инсонлар, майли, баррача ёш картошканинг фарқига боришмас, лекин қандай қилиб тоғ бўлиб уйилиб ётган 3500 сўмлик картошкани пайқамай ўта олишган экан?

Бу постим бу каби провокациялар муаллифларига эмас (уларга Аллоҳ бас келсин), менинг азиз ўқувчиларим, Сизларга аталган. Ҳушёр бўлинг, бундай фитна-найрангларга учманг. Аминманки, гўзал сабр ва хайрли амалларимиз ила бу машаққатларни тез орада енгиб ўтамиз ва кўрмагандек бўлиб кетамиз.

Уйингизни беҳожат тарк этманг, ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг», – деб ёзади Зафар Ҳошимов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Korzinka»да картошка нархи қанча? Супермаркет раҳбари Зафар Ҳошимов бунга жавоб берди