21:50 / 01.04.2020
4 811

Бойларга мурожаат

Бойларга мурожаат
Синовлар икки турга бўлинади: киши бошига тушадиган синовлар, халқлар бошига келадиган синовлар.

Халқ бошига тушадиган баъзи синов шундай синовки, бунда якка кишининг омонлиги халқнинг омонлиги билан яққол боғланиб қолади. Яъни, оддий ҳолатда «мен саломатман, ишларим яхши, шуниси мен учун етарли» дейдиган киши, оммавий синов келганда, ногаҳон бундай дея олмай қолади. Чунки, қараса, халқи омонликда бўлмаса, у ўзи ва оиласи саломат бўлолмас экан.

Ана шунда ҳар бир киши кимсасиз оролда эмас, балки жамиятда, ягона тана ичида яшаётганини ўзи учун кашф этади... «Халқ «чўкса», мен ҳам чўкар эканман» деган, аввал англанилмаган ҳақиқат... «ялт» этиб онгини ёриштиради.

Бу – катта синов келгандагина «ялт» этадиган ҳақиқат – қай вазнга эга? Афтидан, катта вазнга эга. Бу ҳақиқатни одамларга эслатиш учун нималар юз бериши мумкинлигини шу тобда... кўриб турибмиз... Мана шу бизга исбот.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ён қўшниси очлигини билатуриб, тўқ ухлаган кимса менга иймон келтирмабди».
Ривоятда келган оғир маънога кўзларимизни катта очиб, яна бир назар ташлайлик: «Ён қўшниси очлигини билатуриб, тўқ ухлаган кимса менга иймон келтирмабди...»

Энди ҳолимизга қараймиз...

Борлиқни яратган Зот бизга Ўз таълимотида асл жамият қандай бўлишини, асл жамият аъзоси... қўшниси оч бўлса, тинч ухлолмаслигини билдириб, ҳақиқий жамият қандай тамойиллар устига қурилишини билдирди... Ана шундай тамойилларга қурилган жамият – муваффақиятли жамият. Биз... қандай жамиятмиз? Қайси тамойилларга қурилган жамиятмиз?

Асл жамиятни қуриш бўйича берилган кўрсатмалар – инструкциялар китобларда қолиб кетди. «Ўзим, оилам омон бўлса бўлди, остонамдан нарёғи менинг уйим эмас» деган дунёқараш... дунёқарашимизга айланди. Ҳолбуки...

Аллоҳ таоло ўз элчиси воситасида бир ҳақиқатга ишора этяпти – руҳлар ўзаро маънан муштаракдир – инсонлар ўзаро бир-бирининг ҳолини ҳис этмай қўйса, қалбларни моғор босади. Моғор босган қалб эса – Коинот миқёсидаги фожиа. Шунинг учун моғор босган қалбларни уйғотиш учун... буюк синовлар келади.

Моддий имконияти борларга мурожаат:
Мана шу кунларда атрофингизга назар ташланг, балки кимдир айнан Сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлиб тургандир. Балки айнан Сизнинг қўлингизга берилган моддий имкониятнинг бир қисми ўша инсонларга аталган-у, Сиз эса шу тобда синаляпсиз...

Етти осмон устида мартабангиз ўлчаняпти.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бойларга мурожаат