date
views 3 105

Тошкентда бир кечада 170га яқин стикерсиз ҳаракатланган автомобиль аниқланди

Тошкентда бир кечада 170га яқин стикерсиз ҳаракатланган автомобиль аниқланди
Карантин чоралари кучайтирилиши муносабати билан транспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши республиканинг барча шаҳарларида тақиқланди. Бироқ, шаҳарларда автомобиллар ҳаракати камайиши кўзга ташланмаяпти. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ҳамда Санитария Эпидемиологик осойишталик бош бошқармаси ходимлари ҳамкорликдаги махсус рейдни давом эттирмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари, полковник Азизхон Умархоновнинг маълум қилишича, бугунги кунда шаҳар ҳудуди бўйлаб кундузги ва кечки иш вақти учун 100та локация белгиланган бўлиб, уларда узлуксиз иш фаолияти йўлга қўйилган.

Хусусан, 2020 йил 31 март 20-00 дан 1 апрель 7-00 Тошкент кўчаларида махсус рухсатномасиз ҳаракатланаётган 168 та автомобиль аниқланган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан МЖКнинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Ушбу моддага мувофиқ, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20-30 баравари, мансабдор шахсларга 30-50 баравари миқдорида жарима қўлланилиши белгиланган.

Умуман, жорий йил 29-31 март кунлари Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар давомида жами 1912та ҳолатда ҳайдовчилар томонидан турли кўринишдаги қоидабузарликлар содир этилгани аниқланган. Улардан 766таси айнан карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлиб, қоидабузарларга тегишли 545та автотранспорт воситалари белгиланган тартибда жарима майдончаларига жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 30 март кунидан Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида шахсий транспорт воситасида ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома талаб этилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда бир кечада 170га яқин стикерсиз ҳаракатланган автомобиль аниқланди