19:09 / 03.04.2020
3 736

«Spark’нинг пулига Malibu ваъда қилган» Ангрендаги «Авто идеал хизмати» 1283 кишини чув туширди

«Spark’нинг пулига Malibu ваъда қилган» Ангрендаги «Авто идеал хизмати» 1283 кишини чув туширди
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида фаолият юритган «Авто идеал хизмати» МЧЖ мансабдор шахслари имтиёзли шартларда автомашиналар етказиб беришни ваъда қилиб, 1283 нафар мижознинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритган. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан маълум қилинди.

Хабар берилишича, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида «Авто идеал хизмати» МЧЖ ўз фаолиятини йўлга қўйиб, жуда қисқа давр — 5 ой ичида 1506 нафар мижознинг ишончига кириб, уларнинг 1283 нафарини чув туширишга улгурган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан «Авто идеал хизмати» масъулияти чекланган жамияти фаолияти юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Аниқланишича, жамият раҳбари К.Р. ва собиқ раҳбари У.Н. 2019 йилнинг октябридан 2020 йил март ойига қадар, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 16 фоизни ташкил қилиб турган бир пайтда, йиллик 5 фоиз устама ҳақ эвазига, бошланғич бадал сифатида автомобилнинг 20—30 фоизи миқдорида олдиндан тўлов қилиш шарти билан жами 1506 нафар юридик ва жисмоний шахс билан шартномалар имзолаган.

Мазкур шартномаларга асосан 1506 нафар мижознинг барчаси ўзлари танлаган автомашина қийматининг 20—30 фоизини олдиндан тўлов сифатида жамият ҳисоб рақамига тўлаган. Мавжуд маълумотларга кўра, бу сумма 36 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил этган.

Жамият мансабдор шахслари ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, ушбу келиб тушган пул маблағлари ҳисобидан 228 нафар мижозга 23 миллиард сўмдан ошиқ қийматдаги автомашиналарни етказиб берган. Қолган 1283 нафар мижозга улар тўлаган пул маблағлари эвазига автомашиналар етказиб берилмаган ёки тўланган пул маблағлари эгаларига қайтарилмаган.

Шунга кўра, департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан «Авто идеал хизмати» масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан жорий йилинг 17 март куни Жиноят кодексининг 192-11-моддаси иккинчи қисми «а» банд (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Тергов жараёнида фуқароларга етказилган зарарни тўлиқ ундириш чоралари кўрилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, қарийб 19 минг фуқаро автомашина олиш учун «Авто 60 ой» МЧЖга пул бериб алданиб қолган эди. Мазкур компания раҳбари томонидан фуқароларга етказилган моддий зарар ҳажми 57 миллиард сўмга тенг бўлган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Spark’нинг пулига Malibu ваъда қилган» Ангрендаги «Авто идеал хизмати» 1283 кишини чув туширди