17:07 / 04.04.2020
2 313

Хориждан юборилган пулни пластик картага ўтказиб олиш тавсия қилинди

Хориждан юборилган пулни пластик картага ўтказиб олиш тавсия қилинди
Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / ТАСС
Ижтимоий тармоқларда тарқалган банклар ёпилиши ва номаълум муддатга фаолиятини тўхтатиши ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатдан узоқ, деб маълум қилди Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Обидов.

Ўзбекистонда банклар ва уларнинг филиаллари одатдаги тартибда ишламоқда, фақатгина банк биносидан ташқарида жойлашган банк кассалари ва валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Обидов 4 апрель кунги брифингда шу ҳақда маълумот берди.
«Бугунги кунда банк филиаллари одатдаги тартибда фаолият юритиб келмоқда. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда ижтимоий масофаланишни таъминлаш мақсадида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатига таъсир қилмаган ҳолда банк биносидан ташқарида жойлашган банк кассалари ва валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

Бунда фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар ва божхона-чегара ҳудудида жойлашган банк инфратузилмаси ҳамда аҳолига пенсия тарқатиш мақсадида ташкил этилган сайёр кассалар бундан мустасно.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, фаолияти вақтинчалик тўхтатилган банк кассалари ва валюта айирбошлаш шохобчалари банк тизимидаги мижозларга хизмат кўрсатувчи инфаратузилманинг 30 фоизини ташкил этади холос. Яъни асосий инфратузилма одатдаги тартибда фаолият юритмоқда
», дейди Ҳусанхўжа Обидов.

Марказий банк вакилига кўра, бугунги кунда валюта айирбошлаш операциялари устувор равишда автоматлаштирилган, яъни 27/7 режимида валюта айирбошлаш банкоматлари орқали амалга ошириб келинмоқда.

Ҳозирги вақтда ҳудудларда жами 700та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкомати ишлаб турибди, тез орада яна 300 та шундай банкоматлар ўрнатилиши таъминланади.

«Банкларнинг мобил иловалари орқали ҳам валюталарни айирбошлаш мумкин.
Бундан ташқари, мижозлар уйдан туриб мобиль телефонлари ёрдамида халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш имкониятига эга. Масалан, фуқароларимизга хориждан яқинлари пул юборган бўлса, ушбу пулни банкларнинг мобил иловалари орқали тўғридан-тўғри пластик карталарига ўтказиб олишлари ҳам мумкин.

Яна бир масала: 65 ёшдан ошган фуқароларимизнинг ҳаракатланиши тақиқланган пайтда бошқа одамлар томонидан пул маблағларини етказиб бериш жараёнида касаллик юқиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда тегишли тижорат банкига оғзаки равишда, яъни телефон воситаси орқали ёки электрон шаклда мурожаат қилинганда, банк билан келишиб пулни қабул қилиб олувчига етказиб берилиши ҳам мумкин
», дейди Ҳусанхўжа Обидов.

Унинг айтишича, карантин эълон қилинганига қарамай, одамлар ҳалигача коммунал тўловларни тўлаш учун банк кассаларига боришмоқда.
«Бугунги кунда банк мобиль иловалари орқали онлайн тарзда амалга ошириш мумкин бўлган тўловларни ҳам фуқароларимиз банкка бориб, кассаларда навбатга туриб тўлаб келишмоқда.

Ҳурматли банк мижозлари, барча базавий банк хизматларини онлайн равишда, яъни уйдан турган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд. Бу билан барчага коммунал ва солиқ тўловлари, пул ўтказмалари, микроқарзларни расмийлаштириш, омонат операциялари каби муҳим банк хизматларини қулай ва тезкор тарзда амалга ошириш имконияти яратилган. Бу борада барча мижозларга ўз банкларининг мобил иловалари билан яқиндан танишиб чиқишни тавсия қилган бўлардим.

Амалга оширилган тўлов операциялари бўйича маълумотлар, яъни тўлов чеклари банклар мобил иловаларида ёки онлайн тўлов тизимлари базасида сақланиб қолади. Керак бўлганда уларни тегишли давлат органларига, хусусан, МИБ ходимларига тақдим этиш мумкин
», дейди Марказий банк бошқарма бошлиғи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хориждан юборилган пулни пластик картага ўтказиб олиш тавсия қилинди