23:21 / 08.04.2020
3 742

Қирғизистон вакиллари: Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан янги Марказий Осиёни кўрмоқдамиз

Қирғизистон вакиллари: Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан янги Марказий Осиёни кўрмоқдамиз
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қўшни Қирғизистонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий буюмлардан шакллантирилган инсонпарварлик ёрдами етказилди. Қардош республиканинг жамоатчилик ва эксперт доиралари вакиллари дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши билан боғлиқ ҳозирги мураккаб вазиятда қирғиз халқига кўрсатилган ушбу биродарлик ёрдамини учун дўст ўзбек халқига миннатдорлик билдирмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Эдил Осмонбетов, Қирғизистон ташқи алоқалар ва хавфсизлик кенгаши ҳамраиси:
— Ўзбекистоннинг айни пайтдаги оғир вазиятда кўрсатган ёрдамини қирғиз халқи олқишламоқда. Ушбу олижаноб қадам минтақавий ҳамкорлик, интеграция ва ўзаро муносабатларни яхшилашга интилаётган мутлақо бошқа Марказий Осиёни кўраётганимиздан далолат беради. Бу ишонч ва тушуниш муҳитидир.

Коронавирус пандемияси даврида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон барча муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар томонлама ўрнак бўлмоқда. Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари эса ўзаро ишонч даражасига кўтарилгани муҳим аҳамиятга эга.
Гуманитар ёрдам келажакда яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли муносабатлар ва стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Алмаз Тажибай, эксперт:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекциясига қарши курашда Қирғизистонга ўз вақтида гуманитар ёрдам кўрсатди. Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларидан биринчи бўлиб дўстона ёрдам юборганида ҳам катта маъно бор. Тошкент яна бир карра қўшни давлатлар билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ниятида эканини намойиш этди.

Шу муносабат билан, Қирғизистон Республикаси ташқи алоқалар ва хавфсизлик кенгаши номидан Президент Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига бугунги мураккаб вазиятда намойиш этилган ҳақиқий дўстона қўллаб-қувватлов учун чуқур миннатдорлик билдираман.

Бакит Бакетаев, сиёсатшунос ва жамоат арбоби:
— Қардош Ўзбекистон кўп асрлик қўшнисига дўстлик қўлларини узатди. Қирғизистон халқи яна бир бор икки давлат ўртасидаги қардошлик ва стратегик шериклик ришталарини ҳеч ким ва ҳеч нарса бузолмаслигига амин бўлди.

Коронавирус пандемияси даврида қирғиз халқига кўрсатилаётган гуманитар ёрдам икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш зарурлигининг яққол тасдиғи бўлади.

Айрим қўшни давлатлар ўртасида турли сиёсий можаролар мавжуд бўлган бир даврда, ҳатто пандемия пайтида ҳам Президент Шавкат Мирзиёев шарқона инсонпарварлик намунаси ва донолигини намойиш этди. Бу кўпчилик учун ўрнак бўлиши керак.

Бахтиёр Қодиров, Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази раиси:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қирғизистонга юборилган инсонпарварлик ёрдами ушбу мамлакатдаги ўзбек ҳамжамияти ва бошқа этник гуруҳлар томонидан катта миннатдорлик билан қабул қилинди.

Қирғизистон Республикаси ҳукумати COVID-19 пандемиясига қарши курашда ва мамлакат аҳолисини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чораларни кўришга ҳаракат қилмоқда.

Бугунги қийин вазиятда Ўзбекистон қўшнисига зарур бўлган 1000 тонна ун, озиқ-овқат маҳсулотлари, бир марта ишлатиладиган ҳимоя кийимлари, респиратор, тиббий қўлқоп, кўзойнак, пирометр ва тест тизимлари кўринишидаги инсонпарварлик ёрдами поездини юборган биринчи давлат бўлди.

2019 йилда «Марказий Осиё — бизнинг умумий уйимиз!» шиорини эълон қилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақанинг барча давлатлари нафақат яқин қўшнилар, балки бир-бирига елкадош бўла олишини яна бир карра намойиш этди.

Айни пайтда инсон саломатлигига бўлаётган умумий таҳдидга қарши, барчамиз елкама-елка туриб ҳаракат қилсак, бир-биримизга ёрдам берсак, албатта бу синовли кунлардан эсон-омон ўтамиз.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ана шу қоидага амал қилиб келмоқда. Бу давлатларимиз раҳбарларининг донолиги ва инсонпарварлигидан далолатдир.
Ўз навбатида Қирғизистон ўзбек миллий маданий маркази президиуми номидан, қардош ўзбек халқига янада равнақ, тинчлик ва фаровонлик тилайман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қирғизистон вакиллари: Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан янги Марказий Осиёни кўрмоқдамиз