16:39 / 11.04.2020
3 065

Қаёққа қараб кетяпмиз?

Қаёққа қараб кетяпмиз?
“Агар Сталин ва унинг тузуми шунчалик ёмон бўлган бўлса, нима учун унинг вақтида кучли олим ва ёзувчилар кўп бўлган-у, ҳозир эса йўқ?”, деган “мантиқий” савол билан сталинизмни оқламоқчи бўлишади.

“Тизимли фикрлаш” деган нарса бор. Унга кўра, сабаб ва оқибатлар ўртасида вақт омилини инобатга олиш муҳим, агар бир вақтнинг ўзида икки ҳодиса ёнма-ён турганини кўрсангиз, бири иккинчисини келтириб чиқарган, деган хулосага шошилманг. Дарахт экиш ва мева олиш бир вақтнинг ўзида содир бўлмайди.

Юқоридаги саволда ҳам шу тарздаги мантиқий хатолик мавжуд. Гап шундаки, ўша вақтдаги олимлар ва ёзувчиларни Сталин тарбиялаб чиқармаган. Улар большевиклар инқилобидан олдинги даврнинг, фан ва тафаккур “инқилоби” фарзандлари эди. Умуман олганда, 19-аср ўрталаридан бошлаб, 20-аср давомида фан ва адабиёт соҳасида Ғарбу-Шарқ бўйлаб катта сакраш рўй берган эди.

Илмий-маърифий мерос бир авлоднинг ўзида эмас, балки, кетма-кет келган бир неча авлодларда шаклланади. Катта олимлар, ёзувчилар, илм-фан институтлари ўсиши фақат Совет Иттифоқида эмас Америка, Германия, Франция давлатларида ҳам худди ўша вақтда кучайган эди. Туркия, араб ўлкалари, Жанубий Осиёда ҳам сезиларли даражадаги маърифий силжиш ўша даврда кузатилган эди. Ўзимиздаги “бесаводликка қарши кураш” жараёнини ҳам ўлимга маҳкум қилинган жадидлар бошлаб берганди.

Сталин фан ва маърифат соҳасига реал ҳиссасини қўшгани рост: қатағонлар, идеологик манқуртлаш, эркин фикрни бўғиш, энг сара одамларни ўлдириб юбориш ва ҳоказо. Бунинг ҳақиқий меваси ҳам дарров билинмади, эски мевали дарахтлар қуриб, янги янтоқлар ўсиб чиқди ва урчиди. Аччиқ мевасини хозиргача еяпмиз.

Ёш бола ҳам тушунадиган ҳақиқат: ҳозир турган еримизга аввал босиб ўтилган йўл билан келдик. Ҳозир эса қайси йўлдамиз? Қаёққа қараб кетяпмиз? Тафаккур қилмаймизми?

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Жамшид Муслимов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қаёққа қараб кетяпмиз?