
Акмал Назаров / фото: АОКА
Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари Акмал Назаровнинг маълум қилишича, бу автокредитларга ҳам тегишли бўлиб, кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади.
“24 та тижорат банки ўз ташаббусига кўра жисмоний шахслар кредитлари бўйича тўлов муддатларини бир томонлама кейинги 2-3 ой муддатга автоматик тарзда кечиктириш (кредит таътили бериш) ҳақида маълум қилди. Бу нима учун қилинди? Карантин режимига тўлиқ риоя қилиш мақсадида мавжуд 2,4 млн. қарздор-жисмоний шахслардан аризаларни қабул қилиб олишга ҳамда улар банкка ташриф буюришига жисмонан имконият бўлмагани сабабли жисмоний шахсларнинг кредитлари бўйича тўловлар 2-3 ойга автоматик тарзда кечиктирилиб берилди.
Албатта, “ушбу берилган 2-3 ойлик имтиёзли давр якуни бўйича ҳам қарздор-жисмоний шахснинг молиявий ҳолати ва пул оқимлари тикланмаса, унда нима қилиш керак?” деган табиий савол туғилиши мумкин. Шу ўринда, бу ерда бир масалага аҳамият бериш муҳим – бу дегани қарздор-жисмоний шахслар 6 ойлик имтиёзга мурожаат қила олмайди дегани эмас.
Яъни ушбу берилган 2-3 ойлик имтиёзли давр якунланганидан сўнг қарздор-жисмоний шахснинг молиявий ҳолати ва пул оқимлари тикланмаган тақдирда, тижорат банклари ўз ички сиёсати, молиявий имкониятларидан келиб чиқиб кредитлар бўйича тўловларни яна қўшимча даврга (2020 йил 1 октябрга қадар) кечиктириш масаласини кўриб чиқишлари ҳам мумкин.
Яна бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман, юқорида қайд этилганидек, бу дегани 2-3 ойдан кейин (автоматик равишда кредит таътили берган давр якунланганидан сўнг) имтиёзли даврда йиғилган фоизлар билан бирга тўланади дегани эмас. Ушбу фоиз тўловлари пропорционал равишда тўлов жадвалининг қолган даврига тақсимланади.
Кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланиши лозим”, дейди Акмал Назаров.
Марказий банк вакили фуқароларга келгусида қарз миқдорининг ошиб кетишини олдини олиш мақсадида жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорлар ўз кредитларини кредит шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни давом эттиришни тавсия қилди.
“5678-сонли Президент фармони асосида молиявий қийинчиликка дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктирилиши ҳамда якуний тўловлар муддатларини берилган имтиёзли даврга мос равишда узайтирилиши белгиланган. Фармон билан берилган имтиёзлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қарз юкини кескин ошишига йўл қўймасликка ва натижада уларнинг кредит юкини камайтиришга имкон яратди. Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари пул оқимлари фоиз тўловларини қоплаш учун етмаган тақдирда фоиз тўловларини ҳам кечиктириш бўйича Марказий банк томонидан тижорат банкларига тавсиялар берилди.
Бироқ бу дегани 6 ойдан (2020 йил 1 октябрдан) кейин имтиёзли даврда йиғилган фоизлар билан бирга тўланади дегани эмас. Яъни имтиёзли даврда ҳисобланган фоиз тўловлари якуний тўловлар муддатларини узайтирилганлигини ҳисобга олган ҳолда тўлов жадвалининг қолган даврига тенг равишда тақсимланади”, дейди Акмал Назаров. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар