date
views 6 655

Эри ва тўрт боласи короновирусга чалинган аёл: Аҳволимни ҳеч кимнинг бошига солмасин

Эри ва тўрт боласи короновирусга чалинган аёл: Аҳволимни ҳеч кимнинг бошига солмасин
Кеча Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайгани ҳақида аввал хабар бергандик.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, соғайганлардан бири 8 ёшли, иккинчиси эса 56 ёшли фуқаро бўлиб, ҳар иккиси ҳам Чироқчи туманидан. Улар 29 март куни шифохонгага ётқизилган. 56 ёшдаги фуқаро Тошкентда фирмада ишлагани сабабли мазкур инфекцияни юқтирган. 8 ёшли бола эса вилоятда дастлаб мазкур касалликка чалинган 14 ёшли беморнинг укаси бўлиб, унинг оиласидан жами 5 киши мазкур вирусни юқтириб олган.

Шифохонадан кузатилган боланинг онаси врач ва ҳамшираларга миннатдорлик билдирди:
— Она учун болаларининг соғлиғидан, оиласининг тинчлигидан ортиқ бахт йўқ. Бирданига турмуш ўртоғи, тўрт нафар боласи шундай ёмон дардга чалинган мендай аёлнинг аҳволини ҳеч кимнинг бошига солмасин... Шифохонада бизга барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Врачлар ва ҳамширалар худди ўз яқинларимиздай ғамхўрлик қилишди. Боламнинг соғайиши учун ҳисса қўшган, оиламнинг қолган аъзолари саломатлигини тиклаш учун жон куйдираётган барча-барчага чин қалбимдан раҳмат айтаман. Илоҳим, Аллоҳ барча беморларнинг дардига шифо берсин, мендай оналарнинг, жами элимизнинг дуолари ижобат бўлсин!

Оғир дарддан шифо топган 56 ёшли собиқ бемор эса: “Соғлиққа тенг келадиган бойликнинг ўзи йўқ экан, илтимос, қадрдонлар, ўзингизни ва яқинларингизни асранг!” дея тилак билдирди.

Қайд этилишича, мазкур шифохонада даволанаётган қолган 4 нафар беморнинг аҳволи қониқарли даражада.
Бугунги кунда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида карантинда бўлган 74 нафар фуқаро уйларига кузатилди. Кеча бу шифо масканидан 14 кунлик карантин муддатини якунлаган 84 беморга рухсат берилган эди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан эса 7 нафар фуқаро карантин муддатини якунлаб, оиласи бағрига қайтди.
Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 199 нафар фуқаро стационар, 4811 нафар фуқаро уй шароитида карантинда сақланмоқда. Уларнинг саломатликлари қатъий назоратга олинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эри ва тўрт боласи короновирусга чалинган аёл: Аҳволимни ҳеч кимнинг бошига солмасин