20:13 / 17.04.2020
3 330

Тошкентда уйлар яқинида кийим-кечак ва хўжалик моллари сайёр бозорини ташкил этишга рухсат берилди

Тошкентда уйлар яқинида кийим-кечак ва хўжалик моллари сайёр бозорини ташкил этишга рухсат берилди
Фото: Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги матбуот хизмати
Тошкентда тадбиркорларга кийим-кечак ва хўжалик моллари сайёр бозорини ташкил этишга рухсат берилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, карантин сабаб барча буюм бозорлари фаолияти тўхтаганлиги боис аҳолининг кийим-кечак, маиший техника ва шу сингари қатор бошқа товарларга бўлган эҳтиёжи интернет дўконлари орқали қисман қаноатлантирилаётган эди. Кунлар исиб бориши сабабли янги мавсум учун либослар, уст-бошга эҳтиёж пайдо бўлади, шунингдек, хўжалик моллари ҳам керак бўлади.

Карантин даврида барча буюм бозорлари ишламаётганлиги сабабли, аҳолининг мазкур йўналишдаги талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, тадбиркорларга махсус тижорат автомашиналаридан фойдаланиш шарти билан мавсумий товарларнинг сайёр бозорини ташкил этишга рухсат берилди.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, маҳаллаларда ташкил этилган ҳар бир савдо ва озиқ-овқат ярмаркасидан ташқари, уйлар яқинида антисептиклар, шахсий гигиена воситалари (совун, кир ювиш совуни, тиш пастаси, ҳожатхона қоғози ва бошқалар), ювиш воситалари (кукунлар, геллар ва бошқалар), кийим-кечак (ёзги кийимлар, пойабзал ва бошқалар) савдоси ташкил этилади.

16 апрель, пайшанба куни Учтепа туманидаги «Абдулла Қодирий», «Юсуф Саккокий» ва «Кўксарой» маҳаллаларида, шунингдек, Шайхонтоҳур туманидаги «Шайхонтоҳур» маҳалласида шу каби товарлар савдоси ташкил этилди.

Шундай сайёр савдо нуқталарини ташкил этишни истаган тадбиркорлардан ушбу фаолият учун санитария-гигиена талабларини таъминлаган ҳолда махсус тижорат машиналарини ташкил этишлари ва савдо жараёнида ҳам бу турдаги фаолият учун махсус ишчи гуруҳлар томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга амал қилишлари талаб этилади.

Қайд этилишича, мазкур тижорат машиналаридаги савдо қачон, қайси манзилларда ишлаши бўйича туман ҳокимликлари аҳолини мунтазам хабардор этиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.

Карантин даврида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида вилоятнинг барча шаҳар, туманларида кўчма бозорлар ташкил этилди. 6 апрелдан бошлаб тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлганларнинг бозор ва супермаркетларга кириши тақиқланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда уйлар яқинида кийим-кечак ва хўжалик моллари сайёр бозорини ташкил этишга рухсат берилди