20:06 / 19.04.2020
2 962

Ўзбекистонда яна 400 мингга яқин кишини коронавирусга текшириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда яна 400 мингга яқин кишини коронавирусга текшириш режалаштирилмоқда
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов маълум қилди.
«Айни пайтгача 100 мингдан ортиқ инсон коронавирус бўйича тестдан ўтказилди. Яқин вақт ичида ушбу рақамлар ярим миллионга етказилиши режалаштирилган», – деди Ҳабибулла Оқилов 19 апрель куни АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда.

Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Баҳром Алматов 17 апрелга қадар Ўзбекистонда 136 минг киши коронавирусга текширилганини маълум қилганди.

Ундан олдин эса коронавирус юқтириши эҳтимоли юқори бўлган касб эгаларидан тест олина бошланиши мумкинлиги айтилган эди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бугунги брифингда Ҳабибулла Оқиловнинг бошқа саволларга берган жавобларини ҳам келтириб ўтди.

- Вируснинг енгил ёки оғир кечиши қондаги резус-факторга боғлиқми?
- Йўқ, қон гуруҳи ва резус-факторга касаллик кечишининг алоқаси йўқ.

- Врач акушер-гинекологман. 18 апрелда мутахасислигим бўйича аттестациядан 5 йил ўтгани туфайли қайта ўтишим керак эди. Карантин туфайли Тошкентга бора олмайман. Бухгалтерия тоифа муддати тугаши ҳақида хабар қиляпти. Бу қандай бўлади?
- Карантин даврида барча тоифалар муддати узайтирилади ва тоифага боғлиқ бўлган тўловлар тўланиши давом этаверади. Тоифага аттестация карантиндан сўнг топширилади.

- Етказиб бериш хизматида ҳайдовчиман. Ҳар гал «ГАИ» ходимлари тўхтатганда ҳужжатларни қўлига олиб текширади. Бирида қўлқоп бор, бирида йўқ. Коронавирус қоғоз ва пластикда бир неча кун яшаши тўғрисида маълумотлар бор. ЙПХ ходимлари ўзи тарқатувчи бўлиб қолмайдими?
- Сиз ЙПХ ходимларига ҳужжатларингизни очиқ равишда, қўлига бермасдан кўрсатишингиз мумкин. Ҳар гал ҳужжатларни қўлга олгандан сўнг қўлларингизни таркибида спирт бўлган дезинфекция воситалари билан ишлов беринг.

- 27 мартда карантинга олинган эдик. Бизнинг ҳудудда бир кишидан коронавирус аниқланди. Карантин муддати узайтириладими?
- Карантин қоидаларига кўра, алоқада бўлганлар орасида инфекция юқтирган бемор аниқланса, қолганлар учун ҳам карантин узайтирилади.

- Шаҳар ичкарисидаги хусусий меҳмонхоналарда коронавирусга гумонланувчиларни карантинга жойлаштириш эпидемиологик ва ҳуқуқий жиҳатдан тўғрими?
- Дарҳақиқат, шаҳар ичидаги айрим хусусий меҳмонхоналарда яшаш учун карантин ҳудуди ташкил этилган. Бироқ бу гумон қилинганлар учун эмас, балки ишлашда давом этаётган ташкилот ва идора ходимлари учун. Улар учун алоҳида транспорт йўлга қўйилган. меҳмонхона атрофи махсус қўриқланади ва бу жараён, масофа сақланганида, қўшнилар учун хавф туғдирмайди

- Халқаро йўналишдаги хориждан қайтган ҳайдовчилар учун коронавирусга таҳлил топширишни қандай ташкиллаштириш мумкин?
- Коронавирусга таҳлилни касаллик аломатлари бўлганда топшириш зарур. Аломатлар бўлмаганда шарт эмас.
Ҳозирги вақтда махсус комиссия томонидан таҳлил ўтказиш ҳуқуқини хусусий клиникаларга ҳам бериш масаласи ўрганилмоқда. Шундан сўнг истаган киши таҳлил топшириши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда яна 400 мингга яқин кишини коронавирусга текшириш режалаштирилмоқда