date
views 3 081

Шавкат Мирзиёев: «Президент айтди деб тадбиркорни эзишга йўл қўйилмайди»

Шавкат Мирзиёев: «Президент айтди деб тадбиркорни эзишга йўл қўйилмайди»
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳамда қурилиш ва инфратузилма тармоқлари фаолияти масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев айрим хориж мамлакатларида коронавирусдан жабр кўрганларга давлат нақд пул кўринишида ёрдам кўрсатаётгани ҳақида гапирар экан, бу тажриба ўзини оқламаслиги ҳақида айтиб ўтди.

Хусусан, мамлакатда кам таъминланганларнинг ишончли рўйхати мавжуд эмаслиги, ушбу маблағлар муҳтожларга етиб боришида коррупцияга йўл қўйилиши мумкинлигига эътибор қаратилди.

«Албатта, рағбатлантириш учун пул тарқатиш осон йўл. Лекин эртага бунинг оқибатда нималарга олиб келишини ҳали бирон бир иқтисодчи башорат қила олмаяпти», дея таъкидлаган президент.

Шунинг учун жойларда тадбиркорлар ва фермерларга имтиёзлар бериш орқали кам таъминланганларни иш билан таъминлаш, истеъмол моллари етказиб бериш таклифини билдирилди. Тадбиркорларга кам фоизли кредитлар ажратиш, солиқ ва кредит таътили бериш, фермерларга ўғит ва ёқилғини 15-20 фоизга арзон нархда етказиб бериш орқали, тадбиркор ҳам, ўша ҳудуддаги кам таъминланган оилалар ҳам манфаатдор бўлиши қайд этилди.

«Президент айтди, деб тадбиркорни эзишга, бир сўм зарар келтиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундоқ ҳам ҳеч кимга айтмасдан саховат қилаётган тадбиркорларимиз бор. Минг раҳмат уларга. Аммо энди уларга имтиёзлар берилади ва шу орқали кам таъминланган оилалар давлатнинг ёрдамини сезади.

Биз «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўймоқчи бўляпмиз. Бугун коронавирусга қарши курашаётганлар, фидойи инсонлар, саховатли тадбиркорларимиз ҳақида оммавий ахборот воситаларида ҳар куни ёзилади. Бугунги оғир шароитда матонат кўрсатаётганлар, эҳтиёжманд юртдошларимизга саховат қилаётган инсонлар ҳақида ҳали китоблар ёзилади, шеърлар битилади. Улар ҳақида Иккинчи жаҳон урушида курашганлар ҳақида қандай китоблар ёзилган бўлса, шундай китоблар чиқади. Бу ҳам уруш. Фақат душман кўринмайди. Биз кўзга кўринмас душман билан кураш олиб боряпмиз
», деди президент.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: «Президент айтди деб тадбиркорни эзишга йўл қўйилмайди»