20:03 / 22.04.2020
1 636

Оғуфурушларга нисбатан ҳукм ўқилди

Оғуфурушларга нисбатан ҳукм ўқилди
Гиёҳванд моддалар келажак авлоднинг нурли истиқболига соя солиши билан давлат хавфсизлигига жиддий таҳдид уйғотувчи омиллардан саналади. Шу боис ҳам гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш Давлат хавфсизлик хизмати идоралари олдида турган асосий вазифалардан ҳисобланади.

ДХХ ходимларининг мунтазам равишда олиб бораётган сайъ-ҳаракатлари туфайли гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйилмоқда.

Хусусан, 2019 йилнинг 9 октябрь куни Андижон вилояти Асака шаҳар «Буюм бозори» ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам 2 маротаба судланган, 1974 й.т. Иброҳим Ёрматов 12 кг. 985 гр. «гашиш» гиёҳвандлик воситаси билан қўлга олинган эди. Аниқланишича, ушбу оғу қўшни Қирғизистон Республикасидан олиб келинган бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди И.Ёрматовга нисбатан қўзғатилган жиноят ишига оид ҳужжатларни атрофлича кўриб чиқди ва унинг содир этган қилмиши оқибатларини ҳисобга олиб, 13 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Таъкидлаш лозимки, И.Ёрматов 2019 йилнинг март ойида гиёҳвандлик воситаси саналган “Трамадол” таблеткасини кўп миқдорда мамлакатимизга олиб кирганлиги учун суд ҳукми билан унга 4 йил 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди.

Шунингдек, ДХХ ходимларининг 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳудудида ўтказган тезкор тадбири давомида Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. Нурмат Исоқов Қирғизистондаги жиноий алоқаларидан қабул қилиб олган 6 кг. 318 гр. «гашиш» гиёҳвандлик воситасини Фарғона вилоятига олиб кетаётган вақтида қўлга олинган эди.

Унинг жиноий шериги 1985 й.т. марғилонлик Шуҳрат Маҳмудов эса ушбу «гашиш» моддаси учун тўланиши лозим бўлган чет эл валютасини қирғизистонлик оғуфурушларга бериб, Ўзбекистонга қайтиб келган вақтида ушланганди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Марҳамат туман суди томонидан Н.Исоқов ва Ш.Маҳмудовларга нисбатан ҳукм ўқилиб, уларнинг ҳар бирига 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Оғуфурушларга нисбатан ҳукм ўқилди