20:09 / 23.04.2020
2 243

Ўзбекистонда интернет орқали тиббий маслаҳат олиш имконияти яратилди

Ўзбекистонда интернет орқали тиббий маслаҳат олиш имконияти яратилди
Ўзбекистонда илк бор «Шифокордан сўранг» онлайн поликлиникаси синов тариқасида ишга туширилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан AskDoctor компанияси ва Uzinfocom ягона интегратори ҳамкорлигида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа ўзбек ва рус тилларида фаолият юритади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу лойиҳадан фойдаланиш учун www.askdoctor.uz веб-сайтида рўйхатдан ўтиш керак. Бунинг учун алоқа маълумотларни киритиб, телефон рақам орқали тасдиқлаш лозим бўлади. Сўнгра тегишли йўналиш бўйича шифокор ва қулай бўлган алоқа усулларидан (видео) бирини танлаш лозим.

Олдиндан ёки мулоқот пайтида анкеталар, касалхонадан чиққанлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, яъни, шифокорга тавсияларни тайёрлашда ёрдам берадиган маълумотлар тасвирини юклаш мумкин. Шифокор маслаҳатидан сўнг маслаҳат олувчининг телефонига тавсия ёзилгани тўғрисидаги хабар келади. Тавсияни сайтнинг шахсий кабинети орқали юклаб олиш мумкин.

Таъкидланишича, лойиҳа мақсадидан келиб чиққан ҳолда, онлайн маслаҳатлар фақат тавсия характерига эга. Чунки шифокор масофадан туриб таҳлил олиш, ҳарорат, босим ва пулсни ўлчаш каби ҳаракатларни амалга ошира олмайди.

Ушбу онлайн хизматдан Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, карантин тадбирлари даврида мутлақо бепул. Хизматдан фойдаланиш учун махсус дастурларни ўрнатиш талаб этилмайди ва интернет браузерига эга ҳар қандай қурилма (смартфон, планшет, ноутбук, компьютер) орқали фойдаланиш мумкин. Браузер созламаларида сайтнинг микрофон ва вебкамера қурилмаларидан фойдаланишга рухсат берилиши керак.

Маълум қилинишича, онлайн поликлиниканинг барча мутахассислари Соғлиқни сақлаш вазирлигида қўшимча синовдан ўтган юқори малакали шифокорлар, шу жумладан, профессорлар ҳисобланади. Тез орада уйда бўлган ва тиббий маслаҳатларни тақдим этиш учун техник имкониятга эга шифокорларни ҳам жалб қилиш функцияси ишга туширилади.

Бундан ташқари, ушбу сайтда мақолалар, тавсиялар ва тиббий энциклопедия ҳам мавжуд бўлиб, шифокор билан онлайн маслаҳатлашувдан олдин керакли саволларга жавоб топиш мумкин.

Тўсатдан пайдо бўлган оғриқ ва касаллик аломатлари пайтида диққатни жамлаш жуда қийин бўлишини ҳисобга олган ҳолда, www.askdoctor.uz сайтида олдиндан рўйхатдан ўтиш тавсия қилинади.

Қайд этилишича, онлайн маслаҳат тўлиқ даволаниш ҳисобланмайди. Зарур ҳолда шифокор-консултант тез ёрдам чақириши ёки шифокор кўригига йўналтириши мумкин.

Вазирликнинг қайд этишича, ушбу лойиҳа қисқа фурсатларда ишга туширилиб, маълум бир муддат синов тариқасида фаолият юритади. Ушбу даврда техник носозликлар юзага келиши ва матнда хатоликлар кузатилиши мумкин. Шу билан бирга, айни пайтда шифокорлар сони кам бўлганлиги боис мурожаатчилар кўпайиб, консултантлар банд бўлган тақдирда, бироздан сўнг қайта мурожаат қилиб кўриш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, карантин сабабли Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда онлайн хизматлар йўлга қўйилмоқда ва ривожлантирилмоқда. Хусусан, банк, солиқ, таълим соҳаларида иш онлайн ташкил қилинмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев масофавий ўқув курслари ташкил этиб, ёшлар ва аёлларга ҳунар ўргатиш бўйича топшириқ берди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда интернет орқали тиббий маслаҳат олиш имконияти яратилди