10:30 / 30.04.2020
2 619

«Прописка» сўзи истеъмолдан чиқарилади, чекловлар бекор бўлади - қонун лойиҳаси

«Прописка» сўзи истеъмолдан чиқарилади, чекловлар бекор бўлади - қонун лойиҳаси
“Доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, энг аввало, “прописка” сўзи фуқаролар онгида “тўсқинлик қилувчи”, “бир жойга боғловчи”, “эркинликни чекловчи” деган тушунчалар сифатида муҳрланиб қолганлиги муносабати билан “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти берилмоқда.

Айни пайтнинг ўзида эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотишига доир қоидалар бекор қилиняпти. Қолаверса, эр-хотинга улар никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилмоқда.

Давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Прописка» сўзи истеъмолдан чиқарилади, чекловлар бекор бўлади - қонун лойиҳаси