16:50 / 03.05.2020
3 517

Ўзбекистонда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони ўн кишига етди

Ўзбекистонда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони ўн кишига етди
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилоят филиали реанимация бўлимига 20 апрелда бемор М. юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси билан ётқизилган. Ёндош касалликлари ҳисобига у қарийб икки ҳафта давомида сунъий нафас олдириш аппаратида бўлган. Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда COVID-19 инфекцияси ҳам аниқланган.

«Бундан аввал эса ушбу бемор (эркак) бош мия фалажи, иккиламчи камқонлик оғир даражаси, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби қатор ташхислари билан даволанган. 29 йилдан буён ётоқда бўлган, шу билан бирга биринчи гуруҳ ногиронлиги ҳам белгиланган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатдаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари билан бирга хорижлик, жумладан, хитойлик шифокорлар томонидан ҳам бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Бироқ пульмонолог, терапевт, кардиолог, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Бу Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморнинг вафот этиши билан боғлиқ ўнинчи ҳолатдир. Бунгача
- 27 март куни Наманган вилоятида Умрадан қайтган қизидан коронавирус юқтириб олган 72 ёшли онахон миокард инфарктидан (унинг жанозасида қариндошларидан ҳеч ким иштирок этмаган);
- 28 март куни Тошкент шаҳрида ўзини уйда даволашга уринган 39 ёшли (эркак) шифокор коронавирус инфекциясидан;
- 7 апрель куни коронавирусга чалинган 40 ёшли эркак юрак ва ўпка етишмовчилигидан;
- 11 апрель куни эса хориж сафаридан коронавирусга чалиниб қайтган фарғоналик 59 ёшли аёл ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас етишмовчилиги ҳамда ўпка-юрак етишмовчилиги оқибатида;
- 14 апрель куни Наманган шаҳрида яшовчи 73 ёшли Ш. юрак қон-томир етишмовчилигидан;
- 18 апрель куни Тошкент шаҳрида 77 ёшли аёл коронавирус инфекцияси асоратлари — икки томонлама бронхопневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ва ўпка шишидан;
- 22 апрель куни Наманган шаҳрида яшовчи 54 ёшли бемор (аёл) ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан;
- 24 апрель куни Ангренда коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор ўткир нафас, ўпка-юрак ва полиорган етишмовчилигидан;
- 29 апрель куни Тошкентда 1959 йилда туғилган Г. исмли бемор ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинган эди.

Ўзбекистонда 3 май соат 15:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 2136 нафарга етган. Мамлакатда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг 1278 нафари эса соғайган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони ўн кишига етди

Жамият янгиликлари