19:09 / 06.05.2020
5 962

Сардобадаги фалокатдан биринчилардан бўлиб хабар топган фуқаролар ҳикояси

Сардобадаги фалокатдан биринчилардан бўлиб хабар топган фуқаролар ҳикояси
Фото: ФВВ
«Давергеодезкадастр» қўмитаси Сардобадаги сув омборининг ўпирилиб, сув тошиб чиққан кеча тўғон атрофидаги қишлоқ аҳолиси бундан қандай хабар топгани, уларни ким биринчи бўлиб огоҳлантиргани ҳақида лавҳа тайёрлади.

Таъкидланишича, Сардоба тумани «Қўрғонтепа» маҳалласида яшовчи Тоир Раҳмоновга сув тўғони яқинида истиқомат қилувчи акаси қўнғироқ қилиб, сув тошгани ҳақида биринчи бўлиб огоҳлантирган.

«Эрталаб саҳарликни қилдик, акам бомдод намозини ўқиб бўлиб, телефон қилди. У сув омбори ўпирилгани, уйдан болаларини олиб чиқиб кетаётгани, мен ҳам қўни-қўшниларни огоҳлантириб, тезда қишлоқдан чиқиб кетишимни айтди. Шу орада 4-5 одамга қўнғироқ қилдим, болаларимни уйдан чиқардим. Қўшниларни уйғотиб, уларни тракторни тиркамасига чиқариб, маҳалла ичига ҳайдадик. Улар бақириб, халқни огоҳлантира бошлади. Зарурий нарсаларни олишга улгурмадик, бунақа вазиятга ҳеч тушмаганимиз учун миямиз ишламай қолгандек эди», — дейди Раҳмонов.

Тоир Раҳмонов фарзандларини хавфсиз жойга кетаётган машиналарга чиқариб юбориб, ўзи қолганларга ёрдамлашган.
Раҳмоновнинг таъкидлашича, одамлар ҳаммаси бир-бирини огоҳлантириб, жипслашиб қишлоқдан чиқиб кетган. Шунингдек, у сув тошқини бориши мумкин бўлган Дўстлик қишлоғидаги Янгибой Турсуновга қўнғриоқ қилиб, хавфдан огоҳлантирган.

«Соат 04:50 ларда йиғлаб қўнғироқ қилди. ‘Тез қочинг, омбор кетди’ деди. Бошқа ҳеч нарса демади. Телефонни қўйиб, болаларни уйғотиб, зудлик билан кийинишларини айтдим. Кўчага чиқсам, ҳеч ким йўқ. Қўшниларнинг эшикларини тепиб, бақириб одамларни уйғота бошладим. Ўзимиз 32 хўжаликда яшаймиз, орқа тарафда 16 та хўжалик бор, уларниям огоҳлантирдим. Кейин бола-чақани олиб, ҳаммага айтиб, йўлга чиқдик. Биз бетон йўлга чиққанимизда сув етиб келганини айтишди. Мол бозорга келган экан. Мол бозор билан уйимиз орасидаги масофа 500 метр эди.

Халқимизга беш кетдим лекин. Бир-бирига қўлидан келганча ёрдамлашди, одамларни ташиш дейсизми, уларни олиб чиқишми, нимаики машина бўлса, олиб чиқиб одамларни ташиди
», — дейди Янгибой Турсунов.

Маълумот учун, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган, ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган, шунингдек, 4 нафар фуқаронинг табиий офат оқибатида ҳалок бўлгани, 1 нафари бедарак йўқолгани аниқланди.

Воқеа юз берган куниёқ Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига етиб борди. У сув тошқини оқибатларини кўздан кечирди, офатдан жабрланган аҳоли билан мулоқотда бўлди, шароит яхшиланмагунича ҳеч бир раҳбар ҳеч қаерга кетмаслигини таъкидлади. Аллақачон қайта тикланиши бошланган тўғонни бир неча бор бориб кўрди, иш жараёни билан танишди.

Тўғоннинг ёрилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сардобадаги фалокатдан биринчилардан бўлиб хабар топган фуқаролар ҳикояси