09:10 / 13.05.2020
2 336

Давлат банкларидан 6таси хусусийлаштирилади

Давлат банкларидан 6таси хусусийлаштирилади
Ҳужжатга асосан, халқаро молия институтлари кўмагида «Ипотека-банк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асака», «Алоқабанк», «Қишлоқ қурилиш банк» ва «Туронбанк»даги давлат улушлари босқичма-босқич хусусийлаштирилади.
Давлат акциялари пакети сотувга чиқарилишидан олдин бу банкларда трансформация жараёни ўтказилади.

Қайд этиш керак, ушбу 6та банк сирасидаги «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Асака» банклари – капитали ва активлари миқдори, кредит ва депозит портфеллари ҳажми бўйича Ўзбекистондаги иккинчи ва учинчи рақамли банклар саналади.

Мамлакатдаги энг йирик банк – «Ташқи иқтисодий фаолияти Миллий банки», шунингдек, «Агробанк» ва «Микрокредитбанк» устав капиталларида давлат улуши сақлаб қолинади.

Бундан мақсад – банк тизимини ислоҳ қилиш даврида аҳолининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмини («лойиҳалар фабрикаси») кенг жорий қилиш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш.

Шунингдек, айрим банклар фаолиятини диагностика қилиш ва молиявий аҳволини баҳолаш асосида, меъёрий талабларидан ҳамда қайта ташкил этишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ консолидация қилинади.

«Пойтахт банк» ва «Ўзагроэкспортбанк»ни қайта ташкил этиш режалаштирилган.

Президент фармони билан, Молия вазирлиги ҳузурида вазирликнинг тасдиқланган штатлар сони доирасида Давлат улушига эга тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил этилади ва унга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

- тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларига маслаҳатчи сифатида халқаро консультантларни жалб қилиш;
- тижорат банкларини трансформация қилиш, шунингдек, улардаги давлат акциялари пакетини хусусийлаштиришга доир масалаларда халқаро молия институтлари ва салоҳиятли хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб бориш ва битимлар тузиш.

Лойиҳа офисига Молия вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насриддинхўжаев раҳбарлик қилади.
Марказий банки ва Молия вазирлигига 2024 йилдан кечиктирмай Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки дастури (FSAP) асосида молиявий сектор ҳолатини баҳолаш вазифаси топширилди.

«Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан банкларнинг, шу жумладан, кредит портфели ва банк активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш фаолиятига аралашиш тақиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг банклар фаолиятига давлат органларининг маъмурий аралашувига йўл қўймаслик қисми ижро этилиши устидан назоратни кучайтирсин», – дейилади фармонда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат банкларидан 6таси хусусийлаштирилади

Жамият янгиликлари