09:39 / 22.05.2020
5 129

«Чирчиқлик маньяк». Жиноятларни яширган ИИБ ходимлари жавобгарликка тортилди

«Чирчиқлик маньяк». Жиноятларни яширган ИИБ ходимлари жавобгарликка тортилди
Содир этилган жиноятларни қасддан яшириш орқали жиноятчиликка қарши курашиб бўлмаслиги аниқ. Аксинча, бу ҳол жиноятчилик бадтар ошиб кетишига сабаб бўлади. Ўтган ҳафта Сенатда ҳисобот берган мамлакат Бош прокурорининг маърузасида келтирилган рақамлар буни яна бир карра тасдиқлади.

Айтилишича, 2019 йилда содир этилган жиноятларни қайд этмай, қасддан яширганлик ҳолати бўйича 25 нафар ички ишлар ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг 21 нафари суд тартибида жавобгарликка тортилган.

Бедарак йўқолган фуқароларга оид масала эса жудаям оғриқли. 2019 йилнинг биринчи яримида фуқароларнинг бедарак йўқолганлиги факти бўйича 7 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, йилнинг кейинги олти ойида бу миқдор 8 баробарга кўпайиб, 54 тани ташкил этган. Уларнинг бештаси фош қилинган, ачинарлиси, бешаласи ҳам қотиллик жинояти экани аниқланган.

Бош прокурор ўз маърузасида бундан ҳам аянчли фактларни келтиради.

Яъниким, 2006 йилда чирчиқлик фуқаро Қамчиқбоева таниши Ҳусаиновга қарзга берган 300 АҚШ долларни сўраб борганида қарздор томонидан ўлдириб юборилади. Шундан кейин аёлни қидириб унинг укаси, сўнг онаси Ҳусаиновнинг олдига келади ва улар ҳам қотиллик қурбонига айланади (кейинчалик қотил ҳар учала қурбонининг жасадини Чирчиқ дарёсига ташлаб юборгани аниқланади).

Ҳамма бало шундаки, бир оиланинг уч аъзоси йўқолгани ҳақида уларнинг яқинлари берган аризаси Чирчиқ шаҳар ИИБда қайд қилинмай, йўқ қилиб юборилган! Яққол кўриниб турган қотиллик юзасидан 13 йил давомида текширув ва қидирув ишлари сансалорликка солиб келингани оқибатида Ҳусаинов ўтган вақт давомида яна учта фуқаронинг умрига зомин бўлишга, шунингдек, вояга етмаган бир қизнинг номусини топташга улгуради.

«Агарда Хусаиновнинг биринчи жинояти ўз вақтида фош этилганида эди, уч нафар фуқаро қотиллик қурбонига, ёш қизча эса жабрланувчига айланмаган бўларди», дейди Бош прокурор.

Қотил содир этган жиноятлари учун умрбод озодликдан маҳрум этилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Чирчиқлик маньяк». Жиноятларни яширган ИИБ ходимлари жавобгарликка тортилди