20:13 / 31.05.2020
4 231

Ҳаво нега исиб кетмоқда: инсониятга қандай хавф бор?

Ҳаво нега исиб кетмоқда: инсониятга қандай хавф бор?
Фото: AFP
Сўнгги пайтларда дунё иқлими мисли кўрилмаган ўзгаришга юз тутмоқда. Музликлар эрияпти, денгиз сатҳи кўтарилмоқда, ўрмонлар ёниб кетмоқда, ёввойи ҳайвонлар ҳам жон сақлашга тобора қийналмоқда. Афсуски, бу каби салбий ҳолатларнинг ортида инсон омили турибди.

Табиат ҳам қўл қовуштириб тургани йўқ: инсон тўппончадан ўқ узса, у замбарак билан жавоб қайтаряпти.

Ортда қолаётган ҳафта бошида Женевада ўтказилган виртуал матбуот анжуманида БМТ Жаҳон метеорологик ташкилоти (WМО) вакили Кларе Нуллис йил бошидан бери олинаётган ўлчов натижаларига асосланган ҳолда, 2020 йилда шимолий яримшарда ҳарорат рекорд даражага кўтарилиши мумкинлигини айтди.

У коронавирус эпидемияси бу бўйича профилактика чораларини кўришни қийинлаштиришини таъкидлар экан, аҳоли пунктлари ва одамларни ҳимоя қилиш зарурлигини айтди. Ҳаддан ташқари юқори ҳароратга тайёр туриш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Иссиқдан ҳимояланиш учун қандай тавсиялар берилди?
WМО’нинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали тарқатилган чора-тадбирлар тўпламида қуйидаги тавсиялар берилди:
- ташқарида иссиқдан асровчи соябонли бош кийимда юриш;
- етарли миқдорда сув ичиш;
- билакларни совуқ сув билан ишқалаб ювиш;
- оёқларда қон айланишини тезлаштириш учун спирт билан массаж қилиш;
- пешона ва елкага муз компрессларини қўйиш;
- электр жиҳозлари ва сунъий ёритиш ёки бошқа ҳар қандай иссиқлик манбаси бўлган воситаларни ўчириб қўйиш.

Интернетда эълон қилинган ушбу маълумотномада Covid-19 хавфини оширмаган ҳолда эҳтиёт чораларини кўриш лозимлиги, чунки иссиқ ҳаво инсонлар соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, эпидемия шароитида юқори ҳарорат билан боғлиқ касалликлар ва ўлимлар сонини камайтириш учун янги ҳаракатлар режаси тузиш, фавқулодда ёрдам олиш учун янги алоқа каналларини яратиш зарурлиги қайд этилган.

Глобал исиш дунё харитасини қандай ўзгартирмоқда?
Бугунги кунда шимолий яримшардаги музлар шиддат билан эришда давом этмоқда. Афсуски, буни ҳеч ким тўхтата олмаяпти. Хўш, аҳвол шундай давом этса, эртага инсониятни нималар кутмоқда?

Кристиан Аид томонидан нашр этилган ҳисобот глобал исиш натижалари инсониятга жиддий хавф туғдириши мумкинлигини кўрсатмоқда. Агар барча музликлар эриб кетса, денгиз суви ўртача 65 метрга қадар кўтарилади. Бу эса денгиз сатҳига яқин қуруқликларнинг сувга ғарқ бўлишини англатади.

Ҳисоботга кўра, музликлар эриши энг катта таъсир кўрсатадиган мамлакатлардан бири бу Англиядир.

Англия. Ҳозирги кунда

Англия. Музлар эригандан сўнг.
Суратларга диққат билан разм солинса, Ирландия Республикаси ва Буюк Британия қирғоқлари сув остида қолишини, ороллар кичрайиб кетишини кўриш мумкин.

Дунё 137 йил давомида қандай ўзгаришга юз тутди?
Ўтган даврда NASA хавф кўламини кўрсатиш учун 1880 йилдан 2017 йилгача бўлган иқлим ўзгаришларини акс эттирувчи материалларни нашр этганди.

Унда глобал иқлим исишининг нечоғлик шиддат билан ўсиб бораётгани акс этган.

1880 йил

2017 йил
Бу нимани англатади?
Шу ой ўрталарида Афина миллий расадхонаси томонидан берилган баёнотда эса кейинги 150 йил ичидаги энг иссиқ кун 16 май якшанба куни Эгей ва Ўрта Ер денгизида кузатилиши, ҳарорат бирданига энг камида 10 даража кўтарилиши маълум қилинганди.

Олимларнинг таъкидлашича, 2050 йилга бориб, музликлар эриши билан денгиз сатҳи бир футдан 2,3 футгача кўтарилади. Бу эса об-ҳаво янада экстремал бўлишини, кучли бўронларни, қурғоқчилик ортишини, ўсимликлар ва ҳайвонлар яшай оладиган майдонлар кисқаришини, тарихан музликлардан келиб чиқувчи сув таъминотининг буткул йўқолишини англатади.

Ҳамма офатларга ўзимиз сабабчимиз

AFP
Турк муҳандислар ва меъморлар палаталари иттифоқининг (ТММОB) Метеорология муҳандислари палатаси президенти Аҳмет Кўсенинг таъкидлашича, дунё ҳарорати 1960 йилга нисбатан 2 даражага кўтарилган. Ушбу жиддий ўсиш ўз навбатида музликларнинг эришига сабаб бўляпти. Глобал иқлим ўзгариши нафақат Туркияда, балки дунёнинг жуда кўп мамлакатлари бўйлаб кучли ёмғир, қисқа дўл ва бўронлар – табиий офатларни келтириб чиқармоқда. Шамол тезлигининг кескин ошиши эса аҳоли турар-жойлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етказмоқда.

Кўсе, шунингдек, дунёда ҳар йили тахминан 410 миллион одам метеорологик офатлардан азият чекаётгани, 7 минг 600 киши ҳаётдан кўз юмгани ва табиий офатларнинг 6 фоизи ўлимга, 16 фоизи эса жароҳатларга сабаб бўлганини таъкидлади.

Кўсе глобал иқлим ўзгариши натижасида келиб чиқувчи бундай офатлар давом этишига урғу қаратди.

«Бу офатларга, аслида, ўзимиз сабабчимиз. Карбонат ангидрид «иссиқхона эффекти»ни келтириб чиқармоқда. Карбонат ангидрид ортишига эса ортиқча энергия истеъмоли, транспорт сабаб бўлмоқда. Бугун дунё бўйлаб миллионлаб транспорт воситалари ҳаракатланмоқда, миллионлаб уйлар иситилмоқда. Энг ёмони, инсонларнинг истеъмол маданияти бузилди. Илгари бир нечта кийим билан кифояланардик, энди эса жавонлар либосларимиз учун торлик қилиб қоляпти. Биргина костюмнинг ўзи тахминан 17 тонна сувдан иборат», дейди у.

Айни пайтда кўплаб иқлимшунос мутахассислар агар қисқа вақт ичида дунё ҳарорати 2 С° (3,6° F) дан ошиб кетса, катта ижтимоий, иқтисодий ва экологик фалокатлар рўй беради, деган фикрни илгари суришмоқда. Бу эса инсониятни жиддий хавф кутиб турганини, табиат билан боғлиқ ҳар қандай масалада ўйлаб қадам босиш лозимлигини англатади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳаво нега исиб кетмоқда: инсониятга қандай хавф бор?