14:00 / 01.06.2020
2 672

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги можаро оқибатида 25 киши жароҳат олган

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги можаро оқибатида 25 киши жароҳат олган
Фото: ua.kg
Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида чегарада юз берган воқеа натижасида 25 киши жароҳат олган, улар Айдаркен шаҳридаги Умумий амалиёт марказига ётқизилди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида юз берган ҳодиса натижасида жабрланганлар тўғрисида шуни маълум қиладики, Айдаркен шаҳридаги Умумий тиббий амалиёт марказига жами 25 нафар киши ётқизилди. Ҳозирда турли хил тан жароҳатлари олган тўрт нафар фуқаро шифохонада қолмоқда», - дейилади хабарда.

Икки киши реанимацияда, улар операциядан кейинги аҳволи шифокорлар томонидан оғир деб баҳоланмоқда. Икки киши жарроҳлик бўлимига ётқизилган, аҳволи ўртача оғирликда.

Қолган 21 киши бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг қониқарли ҳолатда амбулатор даволашга юборилди.
31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиқди.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ, Фарғона вилояти таркибидаги Сўх туманида жойлашган Чашма қишлоғида сув учун катта жанжал рўй берган. Икки қишлоқ аҳолиси булоқ ўзига тегишли эканини даъво қила бошлаган.

Интернетда тарқалган видеоларда томонлар бир-бирини тошбўрон қилгани, чегара симтўсиқларини кўчириб олишга уринганини кўриш мумкин.
ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати ушбу ҳодиса бўйича муносабат билдирди.

Қирғизистон бош вазирнинг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов 1 июнь куни Боткен вилоятига ташриф буюрди. У Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов билан учрашув ўтказади ва у билан икки мамлакатнинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида рўй берган можарони муҳокама қилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги можаро оқибатида 25 киши жароҳат олган