17:23 / 01.06.2020
2 112

Зироат Мирзиёева болаларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклади

Зироат Мирзиёева болаларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклади
«Замин» фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Ўзбекистондаги болаларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклади.

«Азиз болажонлар! Сизларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклайман! Ўзбекистонимизнинг ҳар бир ўғил-қизи тинч-осуда юртда, ота-онаси бағрида, жисму жони саломат бўлиб улғайишини тилайман.

1 июнь санасини байрам қилиб нишонлашга ўрганганмиз. Аммо одатда болажонларнинг қувноқ овозлари, беғубор кулгиларига тўла сайлгоҳлар, театр ва концерт заллари бугун ҳувиллаб қолган. Деярли барча давлатларда ҳолат шундай, дунё болалари катталар қатори асосий вақтини уйда ўтказишга мажбур. Айни ўйнаб, ҳаракат қиладиган ёшда бу осон эмас, албатта. Бироқ вазият шуни тақозо этмоқда.

Ўғил-қизларим.

Ташқи олам билан боғланиш имкони чекланган бўлса-да, сизнинг имкониятингиз чекланмаган! Уйда ҳам бадиий асар мутолаа қилиб, орзу-ўйларингизни тасвир ёки мусиқада ифодалаб, қўшимча фанлар, хорижий тиллар, шунингдек, она Заминимизни ўрганишингиз, интернет орқали билим ва тафаккурингизни кенгайтиришингиз мумкин.

Афсуски, айрим инсонларнинг жисмоний имкониятлари бошқаларникидан бир оз фарқ қилади. «Замин» фонди Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастурини тақдим этмоқда. Лойиҳа доирасида махсус мактабларни замонавий ёрдамчи ускуналар билан жиҳозлаш, ўқитиш усулларини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Энг асосийси, мунтазам равишда жарроҳлик амалиёти йўли билан ўқувчиларнинг эшитиш қобилиятини тиклаш устида иш олиб борилади. Бу дегани, соғлиғида муаммоси бўлган болалар худди сизга ўхшаб меҳрибон онажониси, ғамхўр отасининг овозларини, атроф-борлиқдаги товушларни, мусиқа оҳангларини эшита олади, тўлақонли ҳаёт кечиради!

«Замин» фонди, жисмоний ҳолатидан қатъи назар, барча болажонларга қувонч улашишга тайёр. Зеро, сиз кўзимиз қувончи, бизнинг эртамиз ва ҳаётимиз мазмунисиз!
», дейилади табрикда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зироат Мирзиёева болаларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклади