14:00 / 06.06.2020
2 463

«Халқаро авиарейслар яқин орада қайта тикланади» - Азиз Абдуҳакимов

«Халқаро авиарейслар яқин орада қайта тикланади» - Азиз Абдуҳакимов
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда. Жараёнларни Фарғонадан туриб ёритаётган Kun.uz мухбири ташрифда қатнашаётган бир нечта вазир ва ташкилот раҳбарлари билан интервью уюштирмоқда.

Кеча, 5 июнь куни Бош вазир ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов пандемия ва унинг туризмга таъсири ҳамда соҳани қайта тиклаш масалалари бўйича Kun.uz мухбири саволларига жавоб берди.

Абдуҳакимовнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати аста секинлик билан халқаро авиарейсларни йўлга қўйиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

«Биз бунга катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Халқаро авиарейслар яқин орада очилади. Мана, Япония, Европанинг айрим мамлакатлари халқаро рейсларни йўлга қўйди. Туркия ҳам очилиш арафасида. Кўрдиларингиз, 8 июндан автобуслар ҳам йўловчи ташишни бошлайди. Бошқа турдаги жамоат транспортлари ҳам яқин орада йўлга тушади.

Биз шунингдек, туризмни ривожлантириш ва уни аввалга суръатларига қайтариш мақсадида Ўзбекистонга келадиган ҳар бир сайёҳга 15 АҚШ долларидан тўлаб берадиган бўлдик. Бу шундай бўладики, битта самолётда ўртача 200 нафар сайёҳ келадиган бўлса, уларнинг жами 3000 АҚШ доллари миқдоридаги харажатини тўлаб беряпмиз.. Меҳмонхоналарда харажатларнинг 10 фоизини, йил охиригача эса транспорт харажатларининг 30 фоизини ҳам қоплаб берамиз, яъни давлат томонидан субсидия берилади
», - дейди Абдуҳакимов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон «қизил», «сариқ» ва «яшил» авиарейсларни ташкил этишни режалаштирмоқда.

Мураккаб эпидемиологик вазият кузатилаётган давлатлардан фақатгина «қизил» рейслар ташкил этилади. Улар фақат ўзбекистонликларни эвакуация қилиш учун бўлади. Эпидемиологик хавф ўртача даражада бўлган давлатлардан «сариқ» рейслар ташкил этилади. Барча йўловчилар карантинга олинади. «Яшил» рейслар эса коронавирус билан боғлиқ вазият тўлиқ назоратга олинган давлатлардан амалга оширилади.

Бош вазир ўринбосари билан интервьюни тўлиқ ҳолда яқин соатларда ўқишингиз мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Халқаро авиарейслар яқин орада қайта тикланади» - Азиз Абдуҳакимов