10:25 / 12.06.2020
2 373

Туркманистон ва Қирғизистон билан чегарада эркин савдо зонаси ташкил этилади

Туркманистон ва Қирғизистон билан чегарада эркин савдо зонаси ташкил этилади
“Қўнғирот” ва “Дўстлик” эркин савдо зоналарини ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Президентнинг “Қўнғирот” ва “Дўстлик” эркин савдо зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидаги эркин савдо зоналар (ЭСЗ) ташкил этилади:
- “Қўнғирот” эркин савдо зонаси – Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида Туркманистон билан чегарадош ҳудудида;
- “Дўстлик” эркин савдо зонаси – Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида.

ЭСЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:
- товарлар савдоси учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шу жумладан консигнация омборларини, товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончаларни ташкил этиш;
- халқаро ва минтақавий улгуржи ҳамда чакана замонавий савдо форматларини ривожлантириш;
- чегара ҳудудларида логистика хизматларининг тўлиқ спектрини ривожлантириш;
- кўргазмалар фаолиятини ривожлантириш орқали мамлакатлар бизнесининг ҳудудлараро кооперациясини яхшилаш;
- чегара ҳудудларида аҳоли фаровонлигини ошириш ва иш ўринларини яратиш;
- терминал ва транспорт фаолиятларини, тиббий ва молиявий хизматларни, кўнгилочар, меҳмонхона ва ресторан бизнесини, тижорат хизматлар инфратузилмасини ташкил этиш.

Белгиланишича, ЭСЗ:
савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик мажмуаси ҳисобланиб, қўшни давлатлар ривожланишининг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларини ҳисобга олиш тамойилларига, давлатлараро муносабатларнинг хусусиятига ва тарихий шаклланган алоқаларига, шунингдек, чегара ҳудудларини ривожлантириш учун табиий ресурс ва инфратузилма шароитларига асосланади;

ҳудудларида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш лойиҳа ташаббускорлари, тўғридан-тўғри инвестициялар, Халқаро молия институтлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ва бошқа Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

фаолият юритиши муддати, кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йил муддатга ташкил этилади;

ҳудудидаги ер участкалари ЭСЗ дирекциялари тасарруфида туради ва ЭСЗ иштирокчиларининг фойдаланиши учун махсус иқтисодий зоналар маъмурий кенгашларининг қарорлари асосида берилади;

иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан таъқиқланмаган фаолият турларини амалга ошириши мумкин;

ҳудудларида чакана савдо операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи билан эркин божхона зонаси божхона режими жорий этилади. Бунда, ЭСЗга олиб кирилган товарлар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб ҳисобланади;

иштирокчилари ЭСЗнинг фаолият юритиш муддати давомида мол-мулк солиғидан, ер солиғидан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловларни тўлашдан озод этилади;

ҳудудларида товарлар (ишлар ва хизматлар) савдоси учун тўловлар ва пул ўтказмалари жорий операциялар учун эркин конвертация тамойилига асосан товарлар (ишлар ва хизматлар) учун, давлат божлари, йиғинлар ва бошқа шартли тўловлардан ташқари, хорижий валютада тўловларни амалга оширишга рухсат этилган ҳолда амалга оширилади;

ҳудудларига(дан) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, республика ҳудудида жойлашган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар асосида кириб-чиқади;

ҳудудларига Туркманистон ва Қирғизистон Республикасидан кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириш тартиби, халқаро саёҳат қилишнинг амалдаги ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Бунда, уларнинг ЭСЗ ҳудудларида виза расмийлаштирувисиз бўлиш муддати беш кун этиб белгиланади;

ҳудудларига вояга етмаганларнинг кириб-чиқиши шахсни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар асосида ота-оналари ёки улардан бири ҳамроҳлигида амалга оширилади;

ҳудудларига тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларни олиб кириш ёки у ердан олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади;

ҳудудларига жисмоний ва юридик шахслар томонидан нақд пул валюта олиб кириш ва у ердан олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.

ЭСЗ фаолиятларини мувофиқлаштириш вазифаси Қорақалпоғистон Республикаси ва Андижон вилояти Махсус иқтисодий зоналар маъмурий кенгашлари зиммаларига юклатилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Туркманистон ва Қирғизистон билан чегарада эркин савдо зонаси ташкил этилади