15:14 / 15.06.2020
4 619

Андижонда ИИВ ходимлари қимматбаҳо тош сабаб фуқарони уриб ўлдирган

Андижонда ИИВ ходимлари қимматбаҳо тош сабаб фуқарони уриб ўлдирган
Андижонда ИИБ ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилиши натижасида гумондор фуқаро комага тушиб, охир-оқибат вафот этгани хабар қилинган эди. Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Андижондаги жиноят ишининг айрим деталларини маълум қилди.

Андижон шаҳар Ички ишлар бошкармаси Жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили Э.Райимжонов ҳамкасблари Ф.Хусанбоев ва Қ.Қодировлар билан бирга фуқаро А.Сотволдиевнинг қимматбаҳо тошини олиб, қайтариб бермаётган А.Абдукаримовга (марҳум) нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси юзасидан ўзбошимчалик билан текширув олиб боришган.

29 май кечаси Андижон шаҳар Наврўз маҳалласида яшовчи А.Абдукаримовнинг хонадонига тезкор вакил Э.Райимжонов Ф.Хусанбоев билан бирга бориб, уни Ички ишлар бўлими маъмурий биносига олиб келиб психологик ва жисмоний босим ўтказиб, 30 май эрталаб соат 06-00 га қадар ноқонуний ушлаб туриб, унинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва соғлиғига жиддий зарар етказганлар.

Оқибатда, фуқаро тан жароҳат олиб, ҳушини йўқотган ва республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилоят филиалига ётқизилган. Жабрланувчи А.Абдукаримовга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, олган оғир тан жароҳатлари туфайли фуқаро 11 июнда вафот этган.

Жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар прокуратураси томонидан катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодировларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқка олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Сенат қўмитасининг 25 май куни Андижон вилоятида ўтказилган сайёр мажлисида қабул қилинган қарорида Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Содиқ Усмановнинг эгаллаб турган лавозимига қанчалик лойиқ эканлиги масаласи кўтарилган эди.

Ички ишлар вазирининг 14 июнь кунги буйруғи билан подполковник Содиқ Ҳакиммурзаевич Усманов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

«Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси бу каби ҳолатларни қатъий қоралайди ва келажакда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аниқ чоралар кўрилишини талаб қилади.

Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат Қўмитамиз томонидан назоратга олинди ва биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожеалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз
», — дейилади Қутбиддин Бурхонов муносабатида.

Хушнудбек Худойбердиев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижонда ИИВ ходимлари қимматбаҳо тош сабаб фуқарони уриб ўлдирган