date
views 2 214

Янги Қонун билан қандай ўзгартишлар киритилмоқда?

Янги Қонун билан қандай ўзгартишлар киритилмоқда?
«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни парламент юқори палатаси бешинчи ялпи мажлисида муҳокама марказида бўлди.

Мазкур Қонунда киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни назарда тутади.

Хусусан, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинмоқда. Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда.

Бундан ташқари, маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар киритилмоқда. Яъни маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзилли колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилмоқда.

Яна бир жиҳат. Маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда.

Шу билан бирга, Қонун билан жазо муддатини ўташ давомида маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилмоқда. Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олинмоқда.

Қонун билан Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддаси тўлдирилиб, маҳкумларнинг илтимосига кўра учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувларини кўпайтириш ҳамда видео-учрашувлар билан алмаштириш тизими жорий этилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Қонун маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Манба: Халқ сўзи
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Янги Қонун билан қандай ўзгартишлар киритилмоқда?