
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Президентлар бир-бирларини Иккини жаҳон урушидаги фашизм устидан қозонилган ғалаба билан табриклашди. Путин Ғалаба парадида Ўзбекистон қуролли кучларининг 75 нафар аъзоси қатнашишини олқишлади.
«Ҳурматли Шавкат Миромонович, сизни кўриб турганимдан жуда хурсандман. Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба муносабати билан ўтказиладиган тантаналарга ташриф буюрганингиздан хурсанд бўлдим. Ўзбекистон ҳарбий кучларининг 75 нафар аъзоси Қизил майдондан юриб ўтиши муносабатларимизда ўзига хос рамзий маъно англатади.
9 май куни Тошкентда Ғалаба боғини очганингиздан хабарим бор. Шу ўринда уруш вақтида фронтга Ўзбекистондан 2 миллион одам жалб қилинганини унутмаслик керак. Жангда 500 минг нафар ўзбеклар ҳалок бўлган ва 130 минг киши бедарак йўқолган. Бу катта йўқотиш. Сиз собиқ иттифоқнинг қолган республикаларидан 2 миллион одамни қабул қилгансиз, фронтга хизмат қилган кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари Ўзбекистонга кўчирилган. Бир сўз билан айтганда, бу бизнинг умумий тарихимиз, умумий ғалабамиз.
Тўғри, биз ҳозир мустақил давлат сифатида ривожланяпмиз, аммо бизнинг стратегик ва иттифоқчилик муносабатларимиз жуда яхши. Иқтисодий соҳада ҳамкорлигимиз яхши даражада, махсус хизматларимиз, ҳарбийларимиз ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Шавкат Миромонович, сизни кўриб турганимдан хурсандлигимни яна бир бор айтмоқчиман», деди Путин.
Шавкат Мирзиёев кириш сўзида Россия томони Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекисиондан қатнашган одамларнинг сонини аниқлаштириш учун ўз архивларини очиб берганини миннатдорлик билан таъкидлади.
«Владимир Владимирович, аввало таклиф учун раҳмат. Халқимиз номидан сизни бу буюк ғалаба, фашизм устидан қозонилган ғалаба билан табриклайман. Айтганингиздек, бу бизнинг умумий ғалабамиз. Сиз таъкидлаган боғ аслида бутун бошли мемориал комплекс. Умид қиламан, у ерга сиз билан бирга борамиз. Бу комплекс бугунги кунимиз учун жон берган ота-боболаримиз хотирасига ҳурмат белгиси.
Фурсатдан фойдаланиб Россия томонига, хусусан мудофаа вазирлигига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар икки йил давомида архивларини очиб берганлари ҳисобига кўп маълумотларни аниқлаштирдик. Аввал биздан жангда қатнашганлар сони 1,5 миллион деб айтиларди, икки йил давомида бирга ишлаб, фронтга 2 миллион атрофида ўзбекистонликлар кетганини аниқладик. Бедарак йўқолганлар сонини ҳам Россия томони билан бирга аниқлаштирдик.
Ғалаба боғи биз ҳеч қачон унутмаслигимиз керак бўлган хотирага бағишлаб қурилган. Бу айниқса ёш авлод тарбиясига ўз ҳиссасини қўшишига умид қиламан. Ёшлар бугунги кун йўқ жойдан келиб қолмаганини, ота-боболари жанг майдонларида жанг қилганликларини унутмаслиги керак.
Владимир Владимирович, сўнгги 2,5 йилда биргаликда амалга оширган ишларимиз реал рақамларда акс этди. Ўртамиздаги маҳсулот айланмаси ўсди. Сиз билан кўрсаткичларни 10 миллиардга етказиш ҳақида келишгандик ва ҳозирнинг ўзида 7 миллиардга яқинлашдик.
Пандемия режаларимизни бузиб қўйди, биз давлат ташрифини амалга оширишимиз керак эди. Шундай бўлса-да, муносабатларимиз ривожланиб боряпти. Ўртамиздаги ҳарбий-техник, маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик яхши даражада амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Россиянинг 10та олийгоҳи филлиаллари очилди. Шундан 7таси сўнгги икки йилда очилди ва яна 4та филлиал жорий йил охиригача очилиши кутилмоқда.
1 июль Россия учун тарихий кун бўлади. Умид қиламан, конституцияга киритилган ўзгаришлар рус халқига хизмат қилади. Яна бир марта таклиф учун раҳмат айтаман», дея сўзини якунлади Шавкат Мирзиёев.
Учрашув сўнгида Путин Ўзбекистон ва Россия ўртасида кулинария соҳасида ҳам ҳамкорлик яхши ривожлаётганини айтиб, ҳазиллашди ва Шавкат Мирзиёевни тушликка таклиф қилди.
Шавкат МирзиёевВладимир ПутинҒалаба парадиИккинчи жаҳон урушиЎзбекистон ва РоссияҲарбий ҳамкорликМаданий алоқалар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар