date
views 2 400

Р.Кушербаев: Бу даврни «энг кўп уйлар бузилган давр», деб эслашлари мумкин

Р.Кушербаев: Бу даврни «энг кўп уйлар бузилган давр», деб эслашлари мумкин
Кеча Бўстонлиқ туманидаги «снос»лар бўйича пресс тур бўлиб ўтибди. Бу жуда яхши. Бироқ буни кўриб бир қатор тушунарсиз ва ҳавотирли саволлар пайдо бўляпти.

Масалан, пресс турда Олий суд раиси ўринбосарининг «снос» масаласида тушунтириш бериши ва шу ернинг ўзидаёқ «снос» қилаётганларнинг ёнини олиб, одамларни ноқонуний қурилма қурганлигини айтиб, айбдор қилишга интилиши мустақил суд учун ғалати эмасми? Бу суд ҳокимиятининг ижро ҳокимиятига адвокатлик қилаётганига, жойига бориб унинг топшириқларини сўзсиз бажараётганига ўхшамаяптими?

Агар шундай бўлса бу даҳшат! Адолатли, халқпарвар суд... Ҳар қандай вазиятда ҳам суянишимиз мумкин бўлган «холис» суд...

Яқинда айрим судьялар ҳоким ва прокурорларни дўқига жавобан одамларни уй жойларини бузишга қарор чиқариб юборяпти, деганимда айнан Олий суддаги ўша масъулларимиз менга хато қилганимни айтиб, қандай гапириш кераклигини ўргатмоқчи бўлувди. Лекин мен осмондан олмадим: айрим судьялар журъатсизлик қиляпти, "Гаҳ", деса қарор чиқариб, бир жойларга югуриб ҳам боряпти.

Тасаввур қилинг: эрталаб уйғонсангиз уйингизга ҳокимият вакили уйингни бузаман, деб кириб келса. Мени мулк ҳуқуқим бор, прокурорга шикоят қиламан, деб турганингда ҳокимни ортидан «қонунийликни таъминлайдиган» прокурор йўталиб бўй кўрсатади. Наилож «сенлар билан ҳали судда гаплашаман» деб адолатдан нажот кутасан. Ҳоким, прокурор пинагиниям бузмайди-да, дарвозага қарайди. Шунда суд ҳам дарвозадан кириб келса. «Уюшган мафия» га ўхшайди бари: ана сени ҳуқуқларинг, ана сенга адолат, ана сенга...

Бўстонлиқдан нажот истаб келган фуқаролар менга буни айтиб беришганида «шокка» тушиб қолдим. Уларда худди шундай бўлибди. Ҳаммаси бир бўлиб, уйига келиб жойида суд қилишибди, мулк ҳуқуқи бор қарорларини нима қилиб бўлса ҳам йўққа чиқаришибди.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев суднинг мустақиллигини таъминлаш масаласида жон куйдириб, мулкдорлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, мулк ҳуқуқини бекор қилиш фақат суд томонидан амалга оширилишини билдирди. Чунки мулк ҳуқуқи кафолатланмаса инвестиция келмайди, давлат раҳбари буни яхши англаб турибди. Бироқ бу ёқда мана бунақа тескари ишлар.

Хавотирли томони бу каби одамларни уйини бузиб норозилик ва қарғиш олиш Президент ислоҳотларига, минглаб қулай уй жой қуриб, халқни рози қилишга бўлган ҳаракатларига қарши яширин уюштирилаётган ишга ўхшаяпти. Буни оддий одамлар ҳам гапиришни бошлади. Келгуси авлодлар бу даврни «энг кўп уйлар бузилган давр», деб эслашлари мумкин. Бу эса тарих учун жуда ёмон.

Кўзларни очайлик: қонунлар фуқароларни ҳимоя қилиш учун чиқарилган, уни бошқа йўлда ишлатиб қарғиш олмайлик!

P/S: мени сиёсатга қаршилик, туҳмат, ҳақорат ва бошқа балоларда айбламоқчи бўлганларга фикр билдириш аввало Конституциядаги фуқаролик ҳуқуқим эканлигини билдириб ўтмоқчиман. Конституцияни ўқинг ва шу халқни келажагини ўйласангиз, қайғурсангиз ҳеч бўлмаса Конституцияни ҳурмат қилинг...

Расул КУШЕРБАЕВ

Манба: Xs.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Р.Кушербаев: Бу даврни «энг кўп уйлар бузилган давр», деб эслашлари мумкин