07:49 / 07.07.2020
3 138

Тўрт ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди

Тўрт ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди
6 июль куни Ўзбекистонда 342та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 10362 ҳолат), 106 нафар бемор соғайди, 3 киши вафот этди. Шу вақтгача 6690 беморга жавоб берилган, 37 киши вафот этган, шифохоналарда 3697 нафар бемор даволанмоқда. Бугун кунлик ўсиш бўйича янги рекорд қайд этилди.

Кеча 5 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Кечаги 342 ҳолатдан 204таси карантин муассасаларида, 116таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 22 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+116)
Бугун 4 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланган. Аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди - 101 ҳолат. Пойтахтда 4 июнь кунидан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида коронавирус аниқланиб келинмоқда.

Наманган вилоятида аҳоли орасида яна 10 кишида вирус аниқланган. Вилоятда шу вақтгача 321та ҳолат қайд этилган, айни вақтда шифохоналарда 24 бемор даволанмоқда.

Кеча Фарғона вилоятида аҳоли орасида 3та ҳолат қайд этилди - Фарғонада май ойи бошидан буён янги ҳолатлар қайд этилмаётган, вилоят 14 майдан буён коронавирусдан холи ҳудуд ҳисобланиб келаётганди.

Шунингдек, Андижонда аҳоли орасида 2 кишида вирус чиққан.

Карантин (+204)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 76 ҳолат аниқланди.
Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 46 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Пойтахтда кун давомида жами 147та ҳолат аниқланди.

Андижон вилоятида карантинга олинганлардан 78 нафарида вирус чиққан. Вилоятда бугун жами 80та янги ҳолат қайд этилди.
Шунингдек, Наманган вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 4 кишида вирус чиқди.

Ҳайдовчилар (+22)
Тошкент вилоятида 20 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, Наманганда ҳам 2та ҳолат қайд этилган.

Тузалганлар (+106)
Кеча Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 106 нафар фуқаро соғайди ва шу вақтгача касалликдан фориғ бўлганлар сони 6690 нафарга етди.

Ўлим (+3)
Кеча Ўзбекистонда қаторасига иккинчи кун бир кунда 3 ўлим ҳолати қайд этилди. Улардан икки нафари эркак ва бир нафари аёлдир.

Тошкентда 1 июль куни коронавирус ташхиси билан шифохонага ётқизилган 67 ёшли эркак оламдан ўтди. Беморга ўткир миокард инфаркти, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 2-даражаси, юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги ташхиси қўйилган.

Тошкентда 2 июль куни коронавирус аниқланган 43 ёшли бемор вафот этди. Унга «Икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 2-даража, семизликнинг 3-даражаси» ташхиси ҳам қўйилганди.

Шунингдек, 19 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган 86 ёшли бемор коронавирус туфайли оламдан ўтди. Бу Ўзбекистонда коронавирус туфайли қайд этилган 37-ўлим ҳолати бўлди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3697 нафар бемордан 25 нафари оғир, 13 нафари эса ўта оғир аҳволда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўрт ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди