00:04 / 09.07.2020
2 618

Коронавирус ҳаводан ҳам юқадими? ЖССТ бу фактни расман тасдиқлаши кутилмоқда

Коронавирус ҳаводан ҳам юқадими? ЖССТ бу фактни расман тасдиқлаши кутилмоқда
Фото: AP/ТАСС
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сешанба куни коронавирус устида тадқиқот олиб борган бир гуруҳ олимлар вирус одамлар орасида қандай тарқалиши ҳақидаги кўрсатмаларни янгилашни талаб қилганидан сўнг вируснинг ҳаво орқали юқиши мумкинлигини тасдиқлади.

«Биз коронавируснинг ҳаво орқали юқиши ҳақида гаплашмоқдамиз», деган ЖССТнинг Covid-19 пандемияси бўйича техник директори Мария ван Керхов шу масала бўйича ўтказилган брифингда.

ЖССТ аввалроқ фақат нафас олиш йўллари яллиғланиши касаллигини келтириб чиқарадиган Covid-19 асосан уни юқтирган одамнинг бурни ва оғзидан чиқадиган майда томчилар орқали тарқалишини, томчилар оғиз ва бурундан чиққанидан сўнг тезда ерга тушишини айтган эди.

Душанба куни «Клиник юқумли касалликлар» журналида дунёнинг 32 мамлакатидан бўлган 239 олим томонидан имзоланиб ЖССТнинг Женева агентлигига юборилган очиқ хати чоп этилди. Унда олимлар коронавируснинг томчилари у билан зарарланган одамларнинг оғзи ва бурнидан чиққанда ҳаммаси ҳам ерга тушмаслигини, бир қисми ҳавода сузувчи бўлиб қолишини ҳамда ўша ҳаводан нафас олаётган одамларга юқиши мумкин деган далиллар келтирилган.

Очиқ хатда олимлар ЖССТдан коронавирус юқиши мумкин бўлган ҳолатларга ўзгартириш киритишни ва уни ҳаводан ҳам юқтириш мумкинлигини қўшиб қўйишни талаб қилган.

«Биз улар далилларни тан олишларини истадик. Бу аниқ ЖССТга қарши бориш эмас, балки илмий мунозара. Биз ўз тадқиқотларимизда аниқлаган нарсамизни барчага маълум қилишимиз керак эди. Ташкилотдагилар билан бу ҳақда кўп суҳбатлашдик, фикр алмашдик. Аммо улар далилларни тинглагилари келмади. Шундан сўнг уларни чоп эттирдик», дейди очиқ хатга имзо қўйганлардан бири бўлган АҚШдаги Колорадо университети кимёгари Хосе Хименес.

Сешанба куни Женевада бўлиб ўтган брифингда сўзлаган ЖССТ юқумли касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича техник директори Бенедетта Аллегранци коронавируснинг ҳаво орқали юқиши ҳақида далиллар борлигини, аммо бу далилларни яна бир бор жиддий текшириб кўриш лозимлигини айтган: «Одамлар гавжум бўладиган жамоат жойларида, ёпиқ ва шамоллатилмаган хоналарда коронавируснинг ҳаво орқали юқишини истисно қилиб бўлмайди. Бироқ олимлар томонидан тақдим этилган далиллар тўпланиши ва чуқурроқ ўрганилиши лозим. Биз олимларнинг бу тадқиқотларини қўллаб-қувватлаймиз», деган у.

Хименеснинг фикрича, коронавируснинг ҳаво орқали юқиши мумкинлиги ҳақидаги илмий изланишларга тиббиёт ходимлари бошданоқ ишончсизлик билан қараб келган. Улар одамлар орасида ваҳима кўтарилишидан хавотирга тушган бўлиши мумкин: «Агар одамлар коронавирусни ҳаво орқали ҳам юқишини эшитишса, тиббиёт ходимлари касалхонага боришдан бош тортишади. Ахир ким ҳам ўз соғлиғини хавф остига қўйишни хоҳлайди? Ёки ҳамма ривожланган давлатларда N95 ҳимоя ниқобларини сотиб ола бошлайди ва ривожланаётган ҳамда қашшоқ мамлакатлар аҳолисига у етмай қолади».

Хименеснинг сўзларига кўра, ЖССТнинг коронавирус ҳаво орқали юқиши масаласидаги далилларни баҳолаш гуруҳи илмий жиҳатдан мукаммал эмас ва унда вирусларнинг ҳаво орқали юқиши бўйича мутахассиснинг ўзи йўқ.

ЖССТнинг коронавирусни ҳаводан юқтириш хавфи масаласида қиладиган ҳар қандай ўзгариш унинг одамлар орасидаги оралиқ масофани 1 метр (3,3 фут) даражасида сақлаш тўғрисидаги ҳозирги тавсиясига таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, ЖССТнинг дунёнинг барча давлатларига юборган қўлланмалари, коронавирус тарқалишини олдини олиш ҳақидаги кўпгина брошюралари ўзгартирилиши лозим бўлади.

Мария ван Керховнинг сўзларига кўра, ЖССТ яқин кунларда вируснинг тарқалиши ҳақида маълумотлар берадиган янги илмий хулосани нашр этади. «Вируснинг ҳаво орқали тарқалишини тўхтатиш учун кенг қамровли аралашувлар зарур. Бу нафақат оралиқ масофани, балки зарур бўлган ҳолатларда, оралиқ масофани сақлай олмайдиган жойларда ниқоблардан фойдаланишни ҳам ўз ичига олади. Янги қўлланма айниқса соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари учун жуда зарур», дейди ЖССТ вакили.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус ҳаводан ҳам юқадими? ЖССТ бу фактни расман тасдиқлаши кутилмоқда