10:50 / 09.07.2020
3 101

«Ҳаммамиз жиловни қўйиб юбордик» — Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида

«Ҳаммамиз жиловни қўйиб юбордик» — Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль, чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселекторда мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, жойларда белгиланган қоидаларга амал қилиш борасида сусткашликка йўл қўйилганини таъкидлади.

Хусусан, давлат раҳбари мамлакатда 10 июлдан бошлаб карантин чекловлари кучайтирилиши муносабати билан вилоят раҳбарларига аҳолига мурожаат қилиш бўйича топшириқ берди.

«Ҳаммамиз салгина жиловни қўйиб юбордик. Жуда катта чоралар кўргандик, дунё ҳамжамияти Ўзбекистондаги тизимни тан олганди. Биз мажбурмиз бу чекловларни қилишга. Темир интизом билан, албатта, биз буни енгамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, давлат раҳбари ҳозирги вазият бўйича аҳолига зарур маълумотларни етказиб бераётгани учун ОАВ вакилларига миннатдорлик билдирди ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарларига улар билан учрашиб, ҳар бир чеклов нима сабабдан жорий қилинганини тушунтириш бўйича топшириқ берди.

Қайд этилишича, иқтисодиёт тармоқларидаги фаолият тўхтатилмайди. Президент ҳамма пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинади. 10 июлдан тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланади, автотранспорт ҳаракати чекланади, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилади, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилади, коронавирусдан уй шароитида даволанаётганларга тиббий ёрдам бериш учун мобил гуруҳлар ташкил этилади, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ҳаммамиз жиловни қўйиб юбордик» — Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида