19:53 / 09.07.2020
2 483

Нурмат Отабеков: «Маълумотларга шакл-шамойил бериб, қанот-қуйруқ тикмайлик»

Нурмат Отабеков: «Маълумотларга шакл-шамойил бериб, қанот-қуйруқ тикмайлик»
Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков Республика махсус комиссиясининг карантин чораларини кучайтириш борасидаги қарори юзасидан брифингда журналистларга мурожаат қилди.

«Биз бугун сизнинг хизматингиздан манфаат кутяпмиз. Биз сизнинг хизматингизга муштоқмиз. Сизнинг кўмагингизни жуда ҳам хоҳлаяпмиз. Берилаётган маълумотларни тўғри етказайлик, олиб борайлик, унга ҳар хил шакл-шамойил қўшмайлик, қанот-қуйруқ тикмайлик. Эшитяпмиз, бугун у қўшнимиз, эртага бу қўшнимиз, касбдошимиз касал бўляпти, шифохонага ётяпти. Эртага сиз ёки биз уларнинг ўрнида бўлиб қолмаслигимиз учун ҳамжиҳатликда қиладиган ишларимиз бор», — дейди Отабеков.

Шунингдек, бош инспектор агар берилаётган тавсиялар бажарилмаса, ўзбошимчалик, беписандликка йўл қўйилса, вазият жиддийлашиб кетиши, кун келиб деразадан кўчага қараб қоладиган вазият бўлишидан огоҳлантирди.

«Соғайиб чиққан одамларни эмас, касаллик билан курашиб ётган одамлардан, касалликка чалиниб, оғир ўтказиб, базўр саломатлигини тиклаб, эндигина оиласининг бағрига келган одамлардан интервью олиш керак. Улар ўз кечинмаларини гапириб берса, назаримда, айтганга нисбатан кўпроқ самара беради», — дейди Отабеков.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов ҳам ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларни изоҳлади.

«Аксарият муштарийларимиз вазиятни тўғри тушундик, дейишяпти, аммо бир қисм одамларда ҳалиям изоҳларни ўқиганда нотўғри тушунган ёки менсимаган, жиддийлигини тушунмаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Изоҳларни ўқисангиз, ‘Ўзи борми коронавирус, ён-атрофимда ҳеч кимда бўлмади, булар нимани гапириб ётибди, буларнинг ўзини жаримага тортиш керак, ниқобсиз ўтириб гапириб ётибди’, деб ёзишган», дейди Оқилов. Мутахассис студияда сўзга чиққан иштирокчиларнинг ниқоб ечиб қўйилиши ҳолатини матбуот анжуманида маълумотларни эфирда аниқ-тиниқ етказиб бериш зарурати билан изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинади. 10 июлдан тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланади, автотранспорт ҳаракати чекланади, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилади, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилади, коронавирусдан уй шароитида даволанаётганларга тиббий ёрдам бериш учун мобил гуруҳлар ташкил этилади, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нурмат Отабеков: «Маълумотларга шакл-шамойил бериб, қанот-қуйруқ тикмайлик»