13:26 / 11.07.2020
2 980

Вазир фарзандини мажбуран рус мактабларига ўқишга берадиган ота-оналарга мурожаат қилди

Вазир фарзандини мажбуран рус мактабларига ўқишга берадиган ота-оналарга мурожаат қилди
9 июль куни пандемия шароитида ОТМларга қабул жараёнларини ташкил қилиш масалаларига бағишланган махсус брифинг ўтказилди.
Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов оиласида русча гаплашилмайдиган ва ҳатто ўзи ҳам рус тилини билмайдиган ота-оналарнинг фарзандини рус мактабларига мажбуран ўқишга бераётгани ҳолатига муносабат билдириб ўтди.

Вазирнинг таъкидлашича, пандемия пайтидаги онлайн таълим соҳадаги кўплаб камчиликларни кўрсатиб бермоқда. Улардан бири оиласида русча гаплашилмайдиган ва ҳатто рус тилини билмайдиган ота-оналарнинг ўз фарзандини рус мактабларига бериши ҳисобланади.

«Тасаввур қилинг, ота-она оилада бу тилда гаплашмайди, лекин фарзандини рус тилли мактабга мажбурлаб бериб қўйган. Бунда ёш бола мактабдаги дастлабки кунлариданоқ ўзига жуда катта қийинчилик ва стресларни олади.

Русча мактаб ҳам майли, ўқитувчиси ёрдам берар, лекин таълим онлайн шаклга ўтганда ва бола уйда ўтириб қолганда ундаги бу қийинчиликлар икки баробар ортяпти. Шунинг учун ота-оналардан илтимос қиламан, фарзандингизни уйда ўзингиз эркин гаплашадиган тилдаги мактабга беринг. Ўзбек тилида гаплашасизми, ўзбек тилли мактабга беринг.

Тўғри, ота-оналарда фикр бўлади, болам рус тилини ҳам билиб олиши керак, деган. Биз бу бўйича Россиянинг Маориф вазирлиги билан гаплашганмиз, яъни ўзбек мактабларида рус тилини ўқитиш бўйича келишувимиз бор. Унга кўра, эндиликда бола ўзбек мактабда ўқиса ҳам битираётганда рус тилини ўрганиб чиқади
», – деди Шерматов.

Шерзод Шерматов мавзу юзасидан фикрини давом эттирар экан, ўзи ҳам эски шаҳардаги мактабда ўқигани, лекин рус тилини билиш даражаси жуда ёмон эмаслигини қўшимча қилди.

«Бизнинг мақсадимиз ҳам болаларимиз мактабни битираётганда ўзбек, инглиз ва рус тилларини билиб чиқсин.
Бугун Тошкентдаги мактабларни айланиб қарайдиган бўлсак, улар анча янгиланди, шароитлари яхшиланмоқда. Масалан, Учтепадаги 129 ёки Олмазордаги 22-мактабга боринг. Ҳаммасини шароити бор. Ўқитувчиларга ҳам вазифа қўйганмизки, таълим сифатини кўтариш.
Ота-оналаримиздан яна бир бор илтимос қиламан, болани қийнамайлик
», – деди Шерзод Шерматов.

Вазир ҳолат юзасидан рус мактабларидаги ўқитувчилардан ҳам шундай мазмундаги шикоятларни кўп бор эшитишини таъкидлади.
«Улар илтимос, бизни ота-оналардан ҳимоя қилинг, дейди. Яъни кўпчилик ота-оналар боласини рус мактабда ўқитиш учун кимларгадир телефон қилишади. Ўша ўқитувчиларнинг айтишича, бу болада катта зўриқишни пайдо қилади.

Ўқитувчилар шу каби қийинчилик ичига тушган болаларга мавзуларни тушунтираман деб дарснинг катта қисмини сарфлаб юборишади. Мутахассисларнинг айтишича, ёш бола эътиборини бир тилни ўрганишга қаратиши, мажбурланиши натижасида бошқа фанларни ўзлаштиролмай қолади, қийналади.

Бу биринчидан. Иккинчидан эса, бешинчи синфдан ўтиладиган фанлар сони ҳам кўпаяди. Бизда барча фанларни рус тилида ўтадиган ўқитувчилар етишмайди. Шундай экан ўқувчи иккинчи марта ҳам қийинчиликка учрайди
», – деган Халқ таълими вазири.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вазир фарзандини мажбуран рус мактабларига ўқишга берадиган ота-оналарга мурожаат қилди